24 март оқшомида Европада ЖЧ-2026 саралаш босқичи доирасида учта гуруҳда 2-тур ўйинлари ўтказилди.

K гуруҳи

Кейн Клозега етиб олди

Англия – Латвия 3:0
Голлар: Рис Жеймс 38, Ҳарри Кейн 68, Эберечи Эзе 76.
Англия: Жордан Пикфорд, Рис Жеймс, Марк Гехи, Эзри Конса, Майлс Люис-Скелли (Кайл Уокер 79), Деклан Райс (Жордан Ҳендерсон 79), Жуд Беллингҳэм (Фил Фоден 67), Жаррод Боуэн (Эберечи Эзе 61), Морган Рожерс, Маркус Рэшфорд (Кёртис Жонс 79), Ҳарри Кейн.

Албания – Андорра 3:0
Голлар: Манай 9, 19, Узуни 90+2

Томас Тухел Англия миллий жамоаси бош мураббийи сифатидаги иккинчи ўйинида олдинги ўйиндаги бошланғич таркибдан тўрт футболчини алмаштирди. Германиялик мутахассис турли комбинацияларни синаб кўрмоқда. Рақибларнинг савияси бунга имкон беради. Лекин Латвияга қарши ўйиннинг биринчи бўлимида Гутковский инглизларни жазолаб, ўткир бурчакдан бўш дарвозани нишонга олганида, Пикфорд ва Геҳининг ўзаро тушунмовчилиги қимматга тушган бўларди.

Бўлим охирида эса «Челси» ҳимоячиси, икки йилдан ортиқ вақт давомида асосий жамоадан чақирув олмаган Рис Жеймс жарима зарбасини ажойиб ижро этиб, ўзининг миллий жамоадаги илк голини урди ва Тухелнинг ишончини оқлади. Бош мураббий ишонч билдиришда давом этаётган «Арсенал»нинг 18 ёшли ҳимоячиси Люис-Скелли эса ушбу жарима зарбасини ишлаганди.

Иккинчи бўлимда эса Кейн ҳар бир ўйин учун мажбурий пунктни бажариб, навбатдаги голини урди. Бу сафар чиройли комбинация Райснинг идеал узатмасидан сўнг Ҳарри бўш қолган дарвозани ишғол қилиши билан якунланди. Бу «Бавария» форвардининг миллий жамоалар миқёсидаги 71-голи бўлди ва у германиялик Мирослав Клозе билан тенглашиб олди. Ушбу оқшомдаги сўнгги сўзни эса янги авлод вакили айтди, захирадан ўйинга қўшилган Эзе ўзини кўрсатиб, «уч шерлар» сафидаги илк голини нишонлади. Инглизлар жамоасига янги қон олиб кираётган Тухел саралаш босқичи стартидаги икки ўйинда юз фоизлик натижа қайд этди, жами беш гол урилиб, дарвоза дахлсизлиги сақлаб қолинди.

Олдинги турда инглизлар қаршисида ожиз қолган албанлар эса бу турда ўз мухлислари кўз ўнгида Андоррани йирик ҳисобда таслим этди. Энди K гуруҳида Англия 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда, Албания ва Латвияда 3 тадан очко мавжуд.