Евро-2024 турнири космик тезликда давом этмоқда: плей-оффнинг биринчи босқичи аллақачон якунланди. 1/4 финалда яна қатор фаворитлар уйга қайтади — турнир сеткаси «топ» жамоаларни чоракфиналдаёқ бир-бирига рўпара қилган.

Энг яхши жамоа — Испания

Айни вақтда турнирнинг энг яхши жамоасига саволлар йўқ. Испания ўлим гуруҳидан учта ғалабага эришиб, бирорта гол ўтказмасдан чиққанди.

Испанлар плей-оффда барибир гол ўтказиб юборишди, аммо ўйиннинг илк дақиқаларидаёқ гуржистонликлар 90 дақиқа давомида бу рақибга дош бера олмаслиги кўриниб турганди. Қарши ҳужумларга таяниш ва Мамардашвилининг сейвларидан умид қилиш иш бермади — чоракфиналга фақат нисбатан кучсиз рақибга рўпара бўлганлар ўтмоқда.

Де Ла Фуэнте бошқарувидаги Испания — турли вариантларга эга жамоага айланган. Мураббий таркибни шундай тузганки, энди ўйин давомидаёқ ўйин картинасини кескин ўзгартириш мумкин бўлади. Жамоа ўйинни назорат қила олади, биринчи рақамда ўйнайди ва ҳимоянинг энг ёпиқ линияларини ҳам бузиб ўтиш йўлини топади.

Таркиб — турнирдаги энг кучлилардан бири. Ямал 16 ёшидаёқ довдираб қолмаяпти ва ёрқин ўйинлар кўрсатмоқда, Уилямс эса асосий ўриндан мустаҳкам ўрин эгаллади, яримҳимоя марказида айни вақтда жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бири бўлиб турган Родри жой олган, мудофаа эса — яхши пас берувчи ҳимоячилар ва дарвозабон уйғунлигига эга.

Фақат битта муаммо бор — мухлислар ҳозирча Испаниянинг бу версиясини чинакамига топ рақибга қарши ўйинда кўришмади. Улар гуруҳда хорватларнинг кексайган ва ҳолдан тойган авлоди, олдинги чемпионатдаги таркибни умуман ёдга солмайдиган ва ҳали ўз ўйинини шакллантира олмаган италянлар, аутсайдер албанлар билан ўйнашди, плей-оффнинг илк босқичида — бор кучи ва ҳиссиётларини гуруҳ босқичида қолдириб чиққан гуржистонликлар рақиб бўлди. Энди бугун Германияга қарши ўйин учун қандай режа тайёрланганига гувоҳ бўламиз — ҳозирча бу финал репетицияси бўлиб кўринмоқда.

Энг яхши футболчи — Диогу Кошта

Португалия футболини кузатувчилар Коштани анча вақтдан буён яхши билишади. «Порту» дарвозабони аллақачон жаҳоннинг энг харидоргир дарвозабонига айланган .

Словения билан ўйинда Диогу ўз нархи нега бу қадар қимматлигини кўрсатиб қўйди. Мамардашвили ва жамоаси чиқиб кетганидан кейин айнан у турнирнинг энг яхши дарвозабони бўлиш учун асосий номзод бўлиб қолди.

У плей-оффнинг илк ўйинида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди ва қўшимча бўлимлар тугаётганида Шешко билан яккама-якка вазиятда қаҳрамонлик кўрсатди, пеналтилар сериясида эса словенларнинг учала зарбасини ҳам тўсди. Зарбаларнинг барчаси кучли ва дарвоза бурчаги томон йўналтирилганди, аммо у йўналишни аниқ топа олди.