Хитой ҳудуди 9 598 962 километр квадрат бўлиб, бу кўрсаткич бўйича у дунёда 4-ўринни эгаллайди. Мамлакат 14 та давлат билан қуруқликда, яна бир қанча давлатлар билан сувда чегарадош.

Хитой ўзи билан чегарадош бўлган давлатларнинг барчасига ҳудудий даъволар қилади. Аслида бу даъволар 1949 йил Хитой Халқ Республикаси ташкил топгандан буён сақланиб қолмоқда.

Агар Хитой тарихига назар ташланса у ҳудудий даъволар туфайли чегарадош давлатлар билан жуда кўп марта қуролли тўқнашувлар содир этган. Шу жумладан яқин иттифоқчиси СССР билан ҳам.

“Чин юрти”нинг советлар билан тўқнашувлари Сталин вафотидан кейин бошланган. Гап шундаки, ўша пайтларда Хитой раҳбари Мао Цзэдун ва СССР раҳбари Иосиф Сталин дўстона муносабатда бўлган.

Шу сабабли урушдан сўнг СССР Хитойнинг ривожланиши учун бу мамлакатга турли мутахассисларни юборади. Иқтисодий ва молиявий ёрдам берилади.

Бироқ 1953 йил 5 мартда Сталин вафот этгач вазият ўзгаради. “Доҳий”дан сўнг СССРни бошқарган Никита Хрушчёв 1956 йилда партиянинг ХХ съездида “Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари” ҳақидаги маърузасида Сталин даврида қилинган ишларни кескин қоралайди. “Халқлар доҳийси” деб таърифланадиган Сталиннинг ўзини “қонхўр ва золим эди” деб атайди.

Шундан сўнг социалистик лагерга кирувчи айрим давлатлар раҳбарлари СССРдан узоқлаша бошлашади. Сталин қораланганидан хафа бўлганлардан бири Албания раҳбари Анвар Хўжа бўлса, яна бири Хитой раҳбари Мао Цзэдун эди. Шундан сўнг СССР ва Хитой муносабатлари совий бошлайди.

Оқибатда ҳар икки давлат ўртасидаги ҳудудий можаролар яна қўзғалади ва бир неча марта қуролли тўқнашувлар, жанглар бўлиб ўтади. 1969 йилда Уссури дарёсидаги Даман ороли ҳамда Қозоғистондаги Жаланашкўл кўли ва унинг атрофидаги ерлар учун бўлиб ўтган қуролли можаролар шулар жумласидан эди.

Даман ороли

Ҳодиса хронологияси

1969 йил 2-15 март кунлари Уссури дарёсида жойлашган Даман ороли учун Хитой ва СССР ҳарбийлари ўртасида қуролли можаро бўлиб ўтади. Бу тўқнашувларда совет томони ғалаба қозонади.

Бўлиб ўтган жангларда Хитой томони 1 000 нафарга яқин ҳарбийдан айрилган. Яна кўплаб жангчилар яраланган. Советлар эса 100 нафар атрофида ҳарбийларини йўқотган ва яна шунчаси ярадор бўлган.