Жамият | 09:37 / 11.07.2024
2813
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд ва Андижонда чет давлатга ишга жўнатишни ваъда қилган шахслар ушланди

Пайариқ туманида АҚШга, Қўрғонтепа туманида эса Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан фуқарларнинг пулини олган шахслар қўлга олинди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши куриш департаменти

Самарқанд ва Андижон вилоятларида чет давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар тезкор тадбирда ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши куриш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Пайариқ туман бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда “F.T.” МЧЖ раҳбари Ф.Б. фуқаро У.А.ни 13 минг доллар эвазига АҚШга ишга юборишини айтиб, олдиндан 10 минг долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Қўрғонтепа туман бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда эса муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Д.М. ва Д.Х. фуқаро А.Ю.нинг ишончига кириб, унинг фарзандини Корея давлатига ишга юбориши эвазига 1,9 минг доллар пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда Англия, Андижон вилоятида Канадага ҳамда Қорақалпоғистонда Сербия ёки Болгария давлатларига ишга жўнатишни ваъда қилган шахслар ушланганди.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид