Жамият | 11:00
638
2 дақиқада ўқилади

Тиббиёт муассасаларига ишга киритиш билан боғлиқ фирибгарликлар аниқланди

Тошкент вилояти ва Қашқадарё вилоятида тиббиёт муассасаларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб пул олган шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинди. Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг бош ҳисобчиси Л.С. қўлга олинди.

Тергов маълумотларига кўра, у тиббиёт бирлашмасида юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали икки нафар фуқарони фаррош лавозимига ишга жойлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 1 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, департаментнинг Чироқчи тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида ўтказилган тезкор тадбирда Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий шифокорлик пункти мудири Қ.Л. ҳам ушланган.

У фуқаро З.Х.ни оилавий шифокорлик пунктига ҳамшира лавозимига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддалари (пора бериш жиноятига иштирокчилик) билан жиноят ишлари қўзғатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид