Иқтисодиёт | 21:10
1331
22 дақиқада ўқилади

Ал Капонедан Гулнора Каримовагача: “Кир пуллар” қандай ювилади?

Ҳар йили дунё бўйлаб глобал ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан 5 фоизигача бўлган миқдорда пул ювилади. Буни суммага чақсак, реал кўрсаткич 2,3 трлн доллардан 5,8 трлн долларгача етиши мумкин. Коррупция, фирибгарлик, одам савдоси каби жиноий йўллар билан тўпланган “қора” пуллар қандай қилиб “оқартирилади?” Нега Кайман ороллари, Кипр ва Британия Виржиния ороллари каби офшор ҳудудлар дунё бойларининг севимли манзилига айланган?

Мигел – Лотин Америкасидаги кенг тармоқли наркокартел раҳбари. У жиноятчилик ортидан миллионлаб доллар пул тўплаган.

Андрей эса – юқори лавозимда ишловчи амалдор, катта бир ташкилот раҳбари. У қуриб битказилган уйларга лицензия беради. Миллионлаб доллар активларга эга йирик компаниялар Андрей билан ҳисоблашишга мажбур – қоидаси шунақа, йўқса қурган биносини ҳеч кимга сота олмайди. Унинг чет давлатларда қўша-қўша уй ва виллалари борлиги ҳақида миш-мишлар юради.

Жек – охирги йилларнинг энг муваффақиятли тадбиркорларидан бири. Кремний водийсидаги технологик корпорациянинг миллиардер эгаси.

Таърифлаганимиз бу уч хил одамни битта нарса бирлаштириши мумкин – ноқонуний топилган даромадлар.

Мигелда банкка қўйиб бўлмайдиган бир неча қоп пул бор. Андрей пора эвазига бойлик тўплаган, уларни яшириши керак. Жек эса олинган фойдасини солиқ хизматидан беркитиш ҳақида ўйлаяпти.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳисоб-китобларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб глобал ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизидан 5 фоизигача бўлган миқдорда пул ювилади. Фоизни рақамлар кўринишига келтирадиган бўлсак, реал кўрсаткич 2,3 трлн доллардан 5,8 трлн долларгача етиши мумкин. Таққослаш учун, фақатгина иккита давлат – АҚШ ва Хитойнинг ялпи ички маҳсулоти 5,8 трлн долларда каттароқ.

Яна бир парадокс шундаки, глобал молия тизими орқали ювиладиган жиноий даромадларнинг атиги 0,2 фоизи музлатилади ва мусодара қилинади. Қолган 99,8 фоизи муваффақиятли тарзда қонуний иқтисодиётга аралаштириб юборилади.

Хўш, коррупция, фирибгарлик, одам савдоси каби жиноий йўллар билан олинган “қора” пуллар қандай қилиб “оқартирилади?” Нега Кайман ороллари, Кипр ва Британия Виржиния ороллари каби ҳудудлар дунё бойларининг севимли манзилига айланган?

“Содда иқтисодиёт” рукнида бу гал Ал Капоненинг кирхоналари ва Гулнора Каримовадан тортиб, Apple'нинг "арвоҳ офислари"гача бўлган мураккаб схемаларни оддий тилда тушунтириб берамиз.

“Кир пуллар”ни тозалаш

Кўпчилик "пул ювиш" атамасининг келиб чиқишини АҚШда фаолият олиб борган мафия сардори Ал Капоне номи билан боғлайди. У ўтган асрнинг 20-йилларида спиртли ичимликлар контрабандаси, ноқонуний қимор ўйинлари, фоҳишабозлик ва рекетдан бемисл бойлик орттиради. Турли хил манбаларда Ал Капоненинг йиллик даромади 100 млн доллардан ошгани айтилади. Бу сумма бугунги пул қийматида тахминан 1,5 миллиард долларга тенг.

У пайтларда Америкада кир ювиш шохобчаларида тушумлар нақд пулда амалга оширилар ва уларнинг ҳисобини юритиш имконсиз бўлган. Шу сабабли Ал Капоне бошлиқ жиноий уюшма ноқонуний даромадларни кирхоналарнинг қонуний тушуми билан аралаштириб юбориш мақсадида, уларни сотиб олади. Тарихчилар атаманинг сўзма-сўз келиб чиқишини айнан шу воқеа билан боғлайди. Кейинчалик чикаголик мафиозни барибир қамашади, аммо қотилликлар ва рекет учун эмас. Унга солиқ тўлашдан қочиш айблови қўйилади.

Замонавий пул ювишнинг ҳақиқий “отаси” Ал Капоненинг замондоши – “мафия ҳисобчиси” номи билан танилган Мейер Лански ҳисобланади. У Капоненинг хатоларидан керакли хулосалар чиқаради ва пулларни АҚШ ташқарисига яшириш усулларини излай бошлайди. 1934 йилда Швейцария ҳукумати мижозлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш жиноят эканини назарда тутувчи “Банк сири тўғрисида”ги қонун қабул қилади. Лански бундан усталик билан фойдаланди. У банкда “Мейер Лански” номи остида эмас, балки фақат рақамлар, масалан, “мижоз 4567” кўринишида ҳисобрақамлар очади. АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари қанча уринмасин, банклар “Бизда бундай исмли мижоз йўқ” деб жавоб бераверади.

Лански Швейцарияда пулни яширишни уддалади, аммо бу маблағларни Америкага яна қайтариши керак, тўғрими? Чунки ертўлада турган пул билан банкда турган ҳаракатсиз пулнинг кўп ҳам фарқи йўқ. Натижада тарихдаги энг машҳур пул ювиш занжири ўйлаб топилади.

Мафия ноқонуний қиморхоналар, спиртли ичимликлар савдоси ва рекетдан миллионлаб доллар нақд пул йиғган эди. Табиийки, бу пуллар давлат рўйхатидан ўтмаган. Йиғилган маблағ курерлар орқали, чамадонларда, яширин маршрутлар билан Швейцариядаги банк ҳисобларига жойланади. Маълум вақтдан кейин Лански АҚШда тўлиқ қонуний ва тоза ишловчи компания очади. Масалан, меҳмонхона, ресторан ёки кўчмас мулк агентлиги. Бунда Лански томони Швейцариядаги банкка “Бизга бизнес учун кредит керак” дея мурожаат қилади. Банк эса унинг ўзига тегишли қора пулларини АҚШдаги компаниясига расмий кредит сифатида ўтказиб беради. Солиқчилар ва ФҚБ: “Бу меҳмонхонани қуришга пулни қаердан олдинг?” деган савол беришса, хотиржамлик билан обрўли Швейцария банкининг расмий кредит шартномаси кўрсатилади.

Албатта, ҳар қандай қарзнинг фоизи бўлади. Лански меҳмонхонадан топган даромадидан банкка “кредит фоизи” тўлайди. Ўша пайтдаги қонунчиликка кўра, бизнес харажатлари, жумладан, кредит фоизлари солиққа тортилмаган. Натижада пул яна айланиб, офшор ҳисобга қонуний ва солиқсиз тарзда етиб боради. Шу тариқа, Америкадаги қонунлар четлаб ўтилади ва “кир пуллар” қонуний тарзда иқтисодиётга яна қайта олиб кирилади. Молиявий схема шу даражада мукаммал ишлайдики, 80 йил умр кўрган Лански фақатгина бир марта, атиги 2 ойгина қамоқ жазосини ўтаган. ФҚБ уни бирор жиддий фирибгарликда айблай олмайди.

“Пул ювиш” атамасининг кенг миқёсида сиёсий ва иқтисодий лексиконга кириб келиши ХХ асрнинг 70-йилларида АҚШни ларзага солган Уотергейт можароси билан боғлиқ. Мамлакат президенти Ричард Никсоннинг жамоаси сайлов кампаниясини молиялаштириш учун йиғилган ноқонуний маблағлар изини йўқотишга ҳаракат қилади. Шу мадсадда пуллар Мексика банклари орқали яширинча ўтказилади. Журналистлар бу жараённи фош қилганда, маблағларнинг манбайини яшириш амалиётини таърифлаш учун "пул ювиш" атамасини қўллашади. Кейинчалик бу термин оммавийлашиб кетди.

Пул ювиш схемалари

Юқорида “қайтарма кредит” схемаси қандай ишлагани ҳақида тўхталиб ўтгандик. Агар Лански ноқонуний пулларни ювишда “велосипед” ихтиро қилган деб олсак, бугунги кунга келиб “кир пуллар”ни ўзлаштиришнинг тагига етиш жуда мураккаб бўлган ўнлаб “Ferrari” ва “Lamborghini” механизмлари пайдо бўлган, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Йиллар давомида банкларга қўйиладиган қонунчилик талаблари қатъийлаштирилди, шу сабаб банк ҳисоблари орқали пул айлантиришнинг ўзи кўзланган натижани бермай қўйди. Криптовалюталар, офшор банк тизимлари, даркнет ва глобал молия бозорлари пайдо бўлиши билан бундай схемалар янада мураккаблашди. Замонавий пул ювиш усуллари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилса-да, уларнинг аксарияти учта асосий босқичдан иборат бўлади.

Биринчи ва энг хавфли босқич – жойлаштириш. Жиноятчининг қўлида бир неча қоп нақд пул бор. Уни қонуний молия тизимига олиб кириш керак. Буни эътиборни тортмайдиган қилиб амалга ошириш учун пуллар кам-камдан турли одамлар орқали банкларга қўйилади. Бу усул улкан маблағни мажбурий ҳисобот чегарасидан паст бўлган кўплаб кичик транзакцияларга бўлиб ташлашни англатади. Бунинг учун “пул хачирлари” деб аталадиган одамлардан фойдаланилади. Воситачиларга уйидан туриб ёки масофадан ишлаш таклиф қилинади, уларнинг иши ҳисобига келиб тушган маблағларни бошқа ҳисобларга ўтказишдан иборат бўлади. Ёки бўлмаса, маблағлар нақд пул кўп айланадиган ресторанлар, гўзаллик салонлари, автомобил ювиш шохобчалари, кийим дўконлари каби кичик бизнесларга тушум сифатида киритиб юборилади.

Тасаввур қилинг, йирик коррупционерда 10 млн доллар нақд пул бор. У кимнингдир номига битта ресторан очади ёки шундай ресторани бор одам билан келишади. Аслида ресторанга кунига 50 та мижоз келади, аммо қоғозда бу рақам 500 та деб кўрсатилади. Тушумдаги фарқ эса кир пуллар билан қоплаб борилаверади. Ой охирида ресторан қоғозда “жуда катта даромад қилди” деб кўрсатилади. Жиноятчи даромаддан давлатга қонуний солиқ ҳам тўлайди. Эртага у қимматбаҳо машина ёки уй сотиб олса ва кимдир пулни қаердан олдинг, деб сўраса, “мен буни ресторанимдан топдим, мана ҳужжатлари, мана солиғини ҳам тўлаганман”, деб айтади. Шу тариқа, қинғирлик билан топилган 10 млн доллар оқартирилади. Яъни, ифлос пуллар ювиб, тозаланади.

Иккинчи босқич – изни йўқотиш. Пул банкка ёки тизимга кирди, лекин унинг манбайи тезда текширила бошланиши мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун маблағ тинимсиз айлантирилади Пул бир банкдан иккинчисига, у ердан чет элдаги офшор ҳудудлар, масалан, Кипр ёки Кайман оролларидаги махфий ҳисобрақамларга, сўнгра қандайдир сохта қобиқ компанияларга ўтказилади. Мақсад – пулнинг бирламчи манбайини топишни имконсиз ҳолатга келтириш. Шунингдек, божхона ҳужжатлари ва ҳисоб-фактураларни сохталаштириш схемасидан ҳам фойдаланилади. Масалан, экспорт қилинадиган товарлар нархини сунъий ошириш ёки камайтириш қонуний тўлов ниқоби остида миллионлаб долларларни яширин кўчиришга имкон беради. Баъзи ҳолларда “арвоҳ юклар”дан фойдаланилади, яъни юк учун ҳужжатлар расмийлаштирилади, пул ўтказилади, лекин жисмонан ҳеч қандай товар чегарани кесиб ўтмайди.

Бугунги кундаги рақамли даврда криптовалюталар ҳам пуллар изини йўқотишда идеал воситага айланди. Аммо бунда ҳам нозик жиҳатлар бор. Масалан, Bitcoin гарчи рақамли ва яшириндек туюлса ҳам, аслида унинг ҳар бир ҳаракати интернетдаги очиқ дафтар, яъни блокчейнда ўзидан из қолдиради. Айнан шу изни узиб юбориш учун жиноятчилар “миксерлар” деб аталадиган дастурлардан фойдаланишади. Бунда юзлаб одамларнинг пуллари битта катта “қозон”га ташланади. Бу ерда кимдир жиноятчи, кимдир шунчаки ўз харидини яширмоқчи бўлган оддий одам. Дастур қозондаги барча пулларни бир-бирига қўшиб юборади, қисмларга бўлади ва яхшилаб аралаштириб ташлайди. Натижада қайси танга кимга тегишли эканини аниқлаш имконсиз ҳолатга келиб қолади. Кейин миксер ҳар бир одамга ўзи киритган пул миқдорини мутлақо бошқа одамларнинг тангаларидан йиғиб, янги ҳамёнларга тарқатиб беради.

Агар дастлабки икки босқич муваффақиятли якунланса, учинчи босқич – интеграцияга имконият пайдо бўлади. Чиқиб кетган пуллар қонуний тарзда мамлакатга яна қайта бошлаши мумкин. Жиноятчи бу пулларга расмий равишда йирик кўчмас мулк сотиб олиши ёки завод қуриши мумкин. Шу тариқа, жиноятчи гўёки халққа фойдаси тегаётган “муваффақиятли ва бой инвестор”га айланади. Бунда қайтарма кредитлар ва сохта шартномалардан фойдаланилади.

Офшор ҳудудлар

Офшор – компанияларни бошқа давлатларда ташкил этиш орқали мулк эгалигини яшириш. Масалан, кимнингдир Францияда мулки бор, бироқ ташкилий жиҳатдан унга бошқа давлатдаги компания орқали эгалик қилади. Одатда бу усул билан мулкнинг эгасини аниқлаш мураккаблашади, солиқ тўлашдан қочилади. Масалан, коррупционер амалдор Андрей офшор ҳудудда компания очмоқчи, бу ишни ҳаттоки унинг паспорти ва шахсий маълумотларисиз ҳам амалга ошириш мумкин. Ҳужжатларда раҳбар сифатида маҳаллий фуқаро “Жон Смит” кўрсатилади, юз миллионлаб доллар пул айланаётган компаниянинг асл эгаси кимлигини эса фақат маҳаллий адвокатларнинг биригина билиши мумкин. Агар бирор давлатнинг прокуратураси расмий хат юбориб: “Шу компания кимга тегишли ва унинг ҳисобида қанча пул бор?” деб сўраса, одатда офшор ҳудудлар жавоб беришдан бош тортади. Бу тижорат ва банк сири деган важ билан хаспўшланади. Офшорда компания очиш шунчалик осон ва арзонки, битта одам у ерда ўнлаб сунъий компаниялар ташкил қилиб, кир пулларни улар ўртасида тинимсиз айлантириши мумкин. Бу компанияларнинг на офиси, на ишчиси бўлади – улар фақат қоғозда мавжуд.

Кайман ороллари, Кипр, Британия Виржиния ороллари, Панама, Сингапур – дунёдаги энг машҳур офшор зоналар ҳисобланади. Бу давлатлар қонунчилигида компанияларга ўз эгаси шахсини очиқлашга оид талаблар қатъий эмас, корпоратив солиқлар паст ёки умуман йўқ.

Масалан, Кайман оролларида корпоратив солиқ, даромад солиғи ёки мулк солиғи умуман ундирилмайди. Ҳукумат даромадининг катта қисми импорт божлари, лицензия тўловлари, иш рухсатномалари ҳисобидан шаклланади. Бу ерда 30 мингдан ортиқ инвестиция фондлари рўйхатдан ўтган бўлиб, улар 16 триллион доллардан ортиқ активларни бошқаради. Дунёдаги офшор хедж-фондларининг қарийб 75 фоизи айнан шу ерда жойлашган.

Ёки Британия Виржиния оролларини олайлик. Дунёдаги энг кўп яширин компаниялар айнан шу ерда очилади. Чунки ташкилотларнинг ҳақиқий эгасини яшириш ва компанияни жуда тез расмийлаштириш имконияти бор.

Кипр эса Европа Иттифоқига аъзо давлат бўлгани учун Россия, МДҲнинг бошқа мамлакатлари ва Яқин Шарқ бизнесменлари учун жуда қулай ҳудуд. Солиқлар паст, банк тизими орқали пулларни Европа Иттифоқи бўйлаб қонуний айлантириш имконияти бор.

Умуман олганда, офшор ҳудудларда бировнинг номига фирма очиб, ташкилотнинг ҳақиқий эгасини осонгина яшириш мумкин. Солиқ ставкаси деган тушунча ҳам йўқ. Масалан, йилига 100 миллион доллар соф фойда кўрган компания ўз мамлакатида 12-20 фоиз, яъни 15-20 миллион доллар солиқ тўлаши керак бўлса, офшорда атиги 500 ёки 1000 доллар миқдорида йиллик “лицензия ҳақи” тўлайди холос. Фойда миқдори қанча бўлишидан қатъи назар, тўлов миқдори ўзгармайди. Бундан ташқари, ривожланган давлатларда ҳар бир компания йил якунида пулни қаердан олгани ва нимага сарфлагани ҳақида молиявий ҳисобот бериши керак; офшор ҳудудларда эса бундай талаб йўқ.

Ўз-ўзидан савол пайдо бўлиши мумкин: агар офшорлар иқтисодиётга катта зарар келтираётган бўлса, нега халқаро ташкилотлар ёки қудратли давлатлар бу “қора туйнуклар”ни бутунлай ёпиб ташламайди? Бунинг ўзига хос сабаблари бор.

Биринчидан, офшорлардан фақат жиноятчилар ёки коррупционерлар фойдаланмайди. Дунёдаги энг йирик, қонуний ишлаётган мегакорпорациялар ҳам солиқларни камайтириш учун бундай ҳудудларга доимий тарзда мурожаат қилишади. Айнан уларнинг кучли лоббиси ва қудрати бундай ҳудудларни доимий равишда сиёсий майдонда ҳимоя қилиб туради. Иккинчидан, Панама ҳужжатлари каби глобал суриштирувлар шуни кўрсатдики, қарор қабул қилувчи жаҳон элитасининг ўзи ҳам бойликларини айнан шундай ҳудудларда сақлайди. Табиийки, ҳеч ким “хавфсиз ҳамёнига” зарба берувчи қонунларни фаол қўллаб-қувватламайди.

Машҳур пул ювиш кейслари

Пул ювиш билан боғлиқ жиноятлар ҳақида гап кетганда, Гулнора Каримова номини тилга олмаслик имконсиз. Бутун дунёга “коррупция маликаси” номи билан танилган Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизига учта телекоммуникация компаниясидан 865 миллион доллар миқдорида пора олиш ва кейинчалик бу пораларни АҚШ молия тизими орқали ювиш айблови қўйилганди. Поралар офшор компанияларга “консалтинг хизматлари кўрсатиш”, “илмий изланишлар” ёки “маҳаллий компания акцияларини сотиб олиш” деган сохта шартномалар асосида ўтказиб берилган. Tўпланган маблағларнинг бир қисми Буюк Британия ва Франциядан Дубай ҳамда Ҳонгконггача чўзилган ҳудудларда қимматбаҳо кўчмас мулкларни сотиб олиш, шунингдек, заргарлик буюмлари хариди учун сарфланади.

Шунга ўхшаш ҳолат қўшни Қозоғистонда ҳам юз берган. 2022 йилнинг бошидаги “Қонли январ” воқеаларидан кейин мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболдига нисбатан иш очилди. У “Қозоқтелеком” ва Транспорт хизмати маркази каби давлат компанияларидан катта миқдордаги маблағларни ўзлаштиргани аён бўлди. У бунинг учун офшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган компаниялардан фойдаланган. Хусусан, “Қозоқтелеком”нинг қарийб 29 фоиз улушини амалда ўзи эгалик қиладиган ва Люксембургда рўйхатдан ўтган Skyline Investment компаниясига ўтказиб олади. Натижада миллионлаб доллар пуллар босқичма-босқич мамлакатдан олиб чиқиб кетилади. Қозоқ амалдори бу пулларга БАА, Франция, Туркия каби мамлакатларда кўчмас мулклар харид қилади. Бундан ташқари, унинг пулларига 200 миллион доллардан ортиқ қийматдаги эксклюзив заргарлик буюмлари сотиб олинган. Сотиболди пул ювиш кейси бўйича узоқ муддатли қамоқ жазосидан қутулиб қолиш мақсадида тергов органлари билан келишишга рози бўлган ва у олиб чиқиб кетган 1,5 млрд доллардан ортиқ пуллар мамлакатга қайтарилган.

Улкан солиқ юкини камайтириш мақсадида глобал даражадаги энг катта компаниялар ҳам турли хил хийлалардан фойдаланиб келади. Масалан, Apple 2004–2014-йиллар давомида Европада миллиардлаб доллар фойда кўрган бўлса-да, деярли солиқ тўламаган. Бу – Ирландия қонунларидаги туйнуклардан фойдаланиб амалга оширилган. Парижда, Берлинда ёки Римда iPhone сотиб олинса ҳам, шартнома бўйича пул тўғридан тўғри Ирландияда очилган Apple Sales International номли компания ҳисобига келиб тушган, яъни ҳамма пул бир жойга жамланган. Бу компания эса қоғозда иккига бўлиб қўйилади. Биринчиси – Apple’нинг Ирландия филиали: биноси мавжуд, бир неча ходим ишлайдиган ташкилот. Иккинчиси – “арвоҳ” бош офис: на биноси, на ходими бор фиктив тузилма. Фақатгина қоғозда мавжуд бўлган бу компания Apple'нинг Америкадан ташқаридаги барча интеллектуал мулк ҳуқуқларига эгалик қилган.

Ирландия қонунчилигига кўра, компания мамлакатда рўйхатдан ўтган бўлса-да, унинг бошқаруви чет элдан туриб амалга оширилса, солиқ резиденти ҳисобланмайди. Apple менежерлари “арвоҳ” офисни АҚШдан туриб бошқаришади. Америка қонунчилигига кўра, компания мамлакат ичкарисидан бошқарилса ҳам, агар ташкилот бошқа давлатда рўйхатдан ўтган бўлса, у АҚШда солиқ тўлаши шарт эмас. Шу тариқа, миллиардлаб пул айланадиган офис Ирландия кўзида америкалик, АҚШ кўзида эса ирландиялик бўлиб қолади. Яъни у солиқ тўлаш нуқтайи назаридан ҳеч қайси давлатга тегишли эмас.

Бу схемада Ирландиядаги ҳақиқий филиал йиллик ҳисоботларига кўра юзлаб миллиард доллар фойда кўради, лекин жами фойданинг 99,9 фоизини патент ва логотипдан фойдалангани учун “арвоҳ офисга” ўтказиб беради. Бошқача айганда, Ирландиядаги филиал 1 млрд евро фойда кўрган бўлса, шундан 999 млн 600 минг еврони “патентдан фойдалангани учун” “арвоҳ” офисга ўтказиб юборади. Натижада солиққа тортилиши мумкин бўлган атиги 400 минг евро қолади. Ирландияда расмий солиқ ставкаси – 12,5 фоиз ва бу 400 минг евродан ундирилади. Тўланган солиқни дастлабки 1 млрд евро фойдага нисбатан ҳисобласангиз, жами тўланган солиқ 0,005 фоизни ташкил этади.

Бу схема кейинчалик жуда катта можарога сабаб бўлди. Суд иши қарийб 10 йил давом этди ва Apple'га 13 млрд доллар жарима юкланиши билан тугади.

Шунга ўхшаш схема Facebook томонидан ҳам қўлланган. Компания ўзининг АҚШ, Европа ва Япониядаги улкан даромадларини аввал Ирландиядаги филиалига йиғади. Кейин барча маблағ солиқ юки бўлмаган Кайман оролларига йўналтирилади. Буни сезиб қолган АҚШ Солиқ бошқармаси Facebook'ни судга беради. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, компания дастурлари, патент ва бошқа ҳуқуқларини Ирландияга ўтказаётганда атайлаб нархни жуда арзон қилиб кўрсатган. Бу найранг ортидан компания 54 миллиард доллар фойдани яширишда айбланади. Facebook давлатнинг қаттиқ босими ва улкан жарима хавфи остида 2020 йил охирида ўзининг Ирландия–Кайман схемасидан бутунлай воз кечишга мажбур бўлди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, охирги йилларда дунё бўйлаб пул ювиш ва ноқонуний даромадларни легаллаштиришга қарши қонунчилик кучайтирилди, талаблар қаттиқлашди. Шунга қарамай, бу амалиёт ҳали ҳам глобал жиноятчиликнинг муҳим таркибий қисми бўлиб қоляпти.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид