Ўзбекистон | 07:41 / 15.07.2024
1570
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда дарахтлар ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 87 та ҳолат аниқланди

Табиатга жами 817,3 млн сўм зарар етказилган.

Фото: Kun.uz

Сенатнинг эллик тўртинчи ялпи мажлисида парламент назорати доирасида Тошкент шаҳрида тадбиркорликни ривожлантириш ва экологик вазиятни яхшилаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳолати кўриб чиқилди.

Мажлисда таъкидланганидек, шаҳарда 2023 йил якуни билан 327 та ҳудудий корхоналар 10,2 трлн сўмлик зарар билан якунлаган.

Шу билан бирга, Мирзо Улуғбек туманидаги ишлаб чиқариш корхоналаридан иборат кичик саноат зонасида мунтазам равишда электр ва газ таъминотида муаммолар мавжудлиги, Яккасарой туманида эса Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил қилиш бўйича ишлар тўлиқ амалга оширилмаганлиги, Яшнобод туманида 28 та лотдан иборат Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил қилинган бўлса-да, бироқ бугунги кунда 28 та лотдан фақат 12 таси аукцион орқали сотилганлиги кўрсатиб ўтилди.

“Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан назорат ўрнатилган бўлишига қарамасдан, мурожаатларнинг 29 фоизини (106 та) кўриб чиқиш муддатлари бузилган.

Бундан ташқари, республика миқёсида атмосферага йилига 2 млн 200 минг тоннадан зиёд ифлослантирувчи моддалар чиқарилаётган бўлиб, Тошкент шаҳрида ҳаводаги ифлослантирувчи моддалар миқдори қарийб 420 минг тоннани ташкил этган.

Ҳудудлардаги айрим корхоналарда ҳалигача 10 йилдан ортиқ ишлатилаётган чанг-газ тозалаш ускуналари модернизация қилинмаган.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 87 та ҳолат аниқланиб, табиатга жами 817,3 млн сўм зарар етказилган. Шаҳардаги оқова сув тозалаш иншоотлари самарадорлиги паст бўлиб, Салар ва Бўзсув иншоотларида 72 фоизни, Бектемир иншоотида 53 фоизни ташкил қилади.

Сенаторлар томонидан шаҳарда тадбиркорликни ривожлантириш ва экологик вазиятни яхшилашда йўл қўйилган камчиликлар масъул вазирлик ва идораларга кўрсатиб ўтилди ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, экология соҳасида мавжуд талаблар бажарилишини таъминлашга қаратилган зарур чоралар кўриш юзасидан таклифлар билдирилди.

Мавзуга оид