Жаҳон | 09:10 / 16.07.2024
2564
2 дақиқада ўқилади

Курск вилоятида дрон ҳужумидан кейин заводда ёнғин чиқди

Украина учувчисиз учоғи паст кучланишли ускуналар ишлаб чиқарувчи «завод ҳудудига портловчи мослама ташлади», деди Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов.

Фото: Telegram / gubernator_46

Россиянинг Курск вилоятидаги Коренево қишлоғида жойлашган паст кучланишли ускуналар заводида Украина учувчисиз учоғининг ҳужуми натижасида ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда 16 июл, сешанбага ўтар кечаси вилоят губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, дрон «завод ҳудудига портловчи мосламани ташлаган».

Смирновнинг айтишича, компания ходимларидан ҳеч бири жабрланмаган. Шу билан бирга, хавфсизлик кучларига яқин бўлган Mash Telegram-канали бир қурбон ҳақида хабар бермоқда. Канал маълумотларига кўра, ёнғин майдони 400 квадрат метрни ташкил этади.

Паст ва юқори волтли ускуналар ишлаб чиқарадиган завод Украинанинг Суми вилояти билан чегарадан тахминан 25 км узоқликда жойлашган. 

Курск вилояти мунтазам равишда учувчисиз учоқлар ҳужумларига дучор бўлади. Хусусан, 14 июл куни Суджеда телеминора учувчисиз самолёт ҳужумидан сўнг ёниб кетди. Mash хабарига кўра, июл ойи бошида Суджеда тўртта ёнилғи қуйиш шохобчасига ҳужум қилинган ва ҳужумлар натижасида улар ишдан чиққан.

Украина томонидан отишма 

Жорий йил бошидан бери Украина Қуролли кучлари (УҚК) Россия ёнилғи-энергетика комплексига учувчисиз учоқлардан зарба беришга эътибор қаратган. Олти ой давомида 40 дан ортиқ нефт базалари ва нефтни қайта ишлаш заводлари Украина дронлари томонидан ҳужумга учраган. Марказий ва Жанубий Россияда зарбалар деярли барча йирик нефтни қайта ишлаш заводларига таъсир қилди. Шундан сўнг, Россияда бензин ва дизел ишлаб чиқариш 2023 йил охиридан бери энг паст даражага тушди ва расмийлар ёнилғи ишлаб чиқариш бўйича оператив статистикани махфийлаштирди. 

Мавзуга оид