Жаҳон | 08:07 / 16.07.2024
5468
3 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Венгрия ташкил этадиган учрашувларни бойкот қилади

Еврокомиссия еврокомиссарларни Европа Иттифоқи вазирларининг Венгриядаги норасмий учрашувларига юбормайди. Комиссиянинг Будапештга биринчи ташрифи ҳам бекор қилинди.

Фото: Hatim Kaghat/dpa/picture alliance

Европа комиссияси (ЕК) 15 июл, душанба куни Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг Москва ва Пекинга мунозарали ташрифларига жавобан Венгриянинг Европа Иттифоқи кенгашига олти ойлик раислиги остидаги норасмий учрашувларни бойкот қилишини билдирди. ЕК Европа комиссарларини Венгриядаги Европа Иттифоқи вазирларининг норасмий конференцияларига юбормайди. Бунинг ўрнига, комиссия ушбу йиғилишларда юқори мансабдор шахслар томонидан тақдим этилади. 

«Венгрия раислигининг бошланиши билан боғлиқ сўнгги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда, раис (Урсула фон дер Ляйен) Европа комиссияси фақат кенгашнинг норасмий йиғилишларида юқори мартабали давлат хизматчилари даражасида вакиллик қилишига қарор қилди», - деди ЕК матбуот котиби Эрик Мамер айтди. Шунингдек, у Еврокомиссиянинг Венгрияга биринчи расмий ташрифи бекор қилинганини билдирди. 

Politico: ЕИ Венгриядаги ТИВ раҳбарлари учрашувини бойкот қилмоқчи 

Аввалроқ Politico Европа Иттифоқи давлатлари вакиллари ЕИ ташқи ишлар вазирларининг Будапештда август ойи охирига режалаштирилган норасмий конференциясини бойкот қилмоқчилиги ҳақида хабар берган эди. Орбан ҳукумати ушбу конференцияни Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат кун тартибини шакллантириш имконияти сифатида баҳолайди, дея қайд этади Politico. 

Европа Иттифоқи вазирларининг норасмий учрашувлари ЕИ кенгашига раислик қилувчи мамлакат томонидан ташкил этилади. Ушбу учрашувларда Европа Иттифоқининг 27 давлати вазирлари муайян соҳадаги масалаларни муҳокама қиладилар - масалан, мудофаа, савдо, транспорт. Йиғилишларда одатда Европа комиссиясининг 27 аъзосидан бири – Европарламентга қонун лойиҳаларини киритиш бўйича эксклюзив ҳуқуққа эга Европа Иттифоқидаги орган вакили ҳам иштирок этади. 

Орбан «тинчликни сақлаш миссияси» учун танқид қилинди

Европа Иттифоқи давлатлари элчилари Венгрия бош вазири Виктор Орбанни Киев, Москва, Пекин ва Вашингтондаги «тинчликпарварлик миссиялари» вақтида Европа Иттифоқи қарорлари «ҳарфи ва руҳини» бузгани учун қоралади, деб хабар берди Politico 11 июл куни. 

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг айтишича, Владимир Путин олдига ташриф буюрганида, Орбан Европа Иттифоқи номидан эмас, балки Россия ва Венгрия ўртасидаги «икки томонлама муносабатлар» доирасида ҳаракат қилган, чунки Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага бўлган тажовузини расман қоралаганидан кейин «Европа Иттифоқи ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги расмий алоқалар истисно қилинган».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид