Жаҳон | 22:16 / 17.07.2024
6508
2 дақиқада ўқилади

Эрон Трампга суиқасдга алоқадорлигини рад этди, бироқ уни жиноятчи деб ҳисоблайди

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Трампга уюштирилган суиқасдда Эроннинг алоқаси борлиги текширилаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

Фото: AP

Эрон Оқ уйнинг собиқ раҳбари ва АҚШ президентлигига номзод Доналд Трампга суиқасд уюштиришга алоқадорлиги ҳақидаги ҳар қандай айбловларни рад этади, бироқ бу сиёсатчини генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши учун жавобгарликка тортишга ҳаракат қилади.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канъоний АҚШ разведка хизматларининг Теҳрон гўёки Доналд Трампни йўқ қилишни режалаштирганини текшираётгани ҳақидаги хабарларга шундай изоҳ берди.

«Эрон Ислом Республикаси Трампга қуролли суиқасд уюштиришга ҳар қандай алоқадорликни ва бундай қадамни амалга ошириш нияти ҳақидаги барча даъволарни қатъиян рад этади ва бундай айбловлар нохолис сиёсий мақсад ва мотивларга эга, деб ҳисоблайди», дейилади баёнотда.

Шу билан бирга, баёнотда қайд этилишича, Теҳрон Трампни Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси махсус кучлари собиқ қўмондони генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши учун жавобгарликка тортишга ҳаракат қилади. Суиқасд айнан Трамп президентлиги даврида юз берган ва Вашингтон билан Теҳрон муносабатларини ниҳоятда кескинлаштирган эди.

Аввалроқ, CNN телеканали АҚШ разведкаси Эроннинг Доналд Трампга суиқасд уюштиришга алоқадорлиги эҳтимолини текшираётгани ҳақида хабар берди. Телеканал материалида аниқ фактлар келтирилмаган, бироқ «Пенсилванияда собиқ президентни ўлдирмоқчи бўлган Томас Мэтю Крукснинг бу фитна (Эрон) билан алоқаси борлигига ишора йўқ»лиги қайд қилинган.

Можаро фонида Доналд Трампнинг ўзи Bloomberg нашрига берган интервюсида Эрон ҳақида бироз кутилмаган баёнот берди.

«АҚШ санкция сиёсати дунё мамлакатлари Вашингтонга нисбатан ёмон муносабатда бўлишига олиб келмоқда. Ҳозир санкциялар бўйича қилаётганимиз барчанинг мамлакатимиздан узоқлашишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун менга санкциялар ёқмайди. Эронга келсак, санкциялар жуда фойдали деб ўйладим. Лекин принципиал жиҳатдан, бу чоралар унчалик зарур эмас эди», деди собиқ президент.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид