Жаҳон | 08:23 / 17.07.2024
3262
3 дақиқада ўқилади

Германияга алоқадор компания Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беряпти

Heinrich Tapp Rus компанияси Россия ҳарбий саноатини қўллаб-қувватлагани учун санкцияларга дучор бўлган РФ компаниялари билан ҳамкорлик қилади, деб хабар берди Reuters журналистлари.

Фото: Sputnik/Alexander Kazakov/Reuters

Германияга алоқадор Heinrich Tapp Rus (HT Rus) логистика фирмаси Россия ҳарбий саноатини қўллаб-қувватлагани учун халқаро санкцияларга дучор бўлган рус компанияларига чекловларни четлаб ўтишда ёрдам беради. Бу ҳақда 16 июл, сешанба куни 2023 ва 2024 йилларга мўлжалланган солиқ ҳужжатларини, шунингдек, Россия ва Германиядаги корпоратив реестрларни ўрганган Reuters журналистлари ўтказган суриштирувда маълум қилинди.

«Янги реаллик - янги имкониятлар» 

HT RUS компаниясига Германиянинг Hellmann Worldwide Logistics компаниясининг Москвадаги ваколатхонаси камида иккита собиқ ходими асос солган бўлиб, улар Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли ҳужумидан олдин Россия Федерациясига Ғарб ускуналарини етказиб берган ва уруш бошланганидан кейин Россияни тарк этган.

HT Rus веб-сайтида, журналистларнинг таъкидлашича, компания Россия корхоналарига «параллел импорт» хизматларини таклиф қилмоқда - санкцияланган товарларни учинчи давлатлар орқали етказиб бериш. HT Rus ўзининг маркетинг материалларида «Янги реаллик - янги имкониятлар» шиорини ишлатган. 

Мижозлар орасида Aurus, КамАЗ ва Тюмен аккумулятор заводи бор 

2023 йил учун HT Rus даромади тахминан 17,5 миллион долларни ташкил қилди, дея хабар беради нашр. Компания мижозлари орасида лимузинларидан Владимир Путин фойдаланадиган Aurus автомобил бренди, Россия ҳарбий юк машиналарини ишлаб чиқарувчи «КамАЗ» шуъба корхоналари, шунингдек, қурол ишлаб чиқарувчилар учун аккумуляторлар етказиб берувчи Тюмен аккумулятор заводи бор. Уч компания ҳам АҚШ ёки Европа Иттифоқи санкциялари остида. 

Шу билан бирга, журналистлар HT Rus ушбу компанияларга параллел импорт билан боғлиқ хизматлар кўрсатганми ёки йўқлигини аниқлай олишмади, чунки бу компанияларнинг солиқ ҳужжатлари HT Rus билан ҳамкорликнинг моҳиятини ошкор этмайди. 

HT Rus яна бир мижози оптоэлектроник ускуналарини ишлаб чиқарувчи «Протон» АЖ ҳисобланади. Май ойида ушбу компаниянинг бош директори Вячеслав Меншов Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли урушидаги «ёрдами» учун медал билан тақдирланди. 

HT Rus немис компаниясига тегишли 

Корпоратив маълумотларга кўра, HT Rus тўлиқ Германиянинг Дюсселдорф шаҳрида рўйхатдан ўтган HT East Management компаниясига тегишли. Компаниянинг энг йирик акциядори немис тадбиркори Александр Ределер ҳисобланади. У журналистларга HT Rus фаолиятининг тафсилотларини билмаслигини ва унга «ҳеч қандай таъсири» йўқлигини айтди. 

Ўз навбатида, HT Rus бошқарувчи директори Руслан Шакиров Ределер билан тўғридан тўғри алоқада эканлигини ва бош компания «ўз шуъба корхонаси фаолияти тўғрисида тўлиқ маълумотга эга эканлигини, унда иштирок этишини ва тегишли кўрсатмалар беришини» билдирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид