Украинага ёрдамга қарши, Трампни «Америка Ҳитлери» деб атаган: АҚШ вице-президентлигига номзод ҳақида нималар маълум?
Доналд Трамп вице-президентлик учун ўз номзоди сифатида кўрсатган оҳайолик 39 ёшли сенатор Жеймс Дэвид Вэнс Республикачилар партиясининг президентликка номзодини азалдан қўллаб келмаган ва бир неча йил муқаддам уни энг таҳқирли сўзлар билан ҳақоратлаганди. Бундан ташқари, Вэнс Американинг Украинага ҳарбий ёрдамига мунтазам равишда қарши чиқиб келади: у Россия босқинини қўлламайди, аммо Киев ғалаба қозониши мумкинлигига ҳам ишонмайди.
Қуйида ноябр ойидаги сайловларда Трамп ғалаба қозонгудек бўлса, АҚШ вице-президентига айланиши мумкин бўлган сиёсатчи ва Украина ҳамда Россия ҳақида нималар дегани ва ёзгани ҳақида ҳикоя қилинади.
«Мен доимо Трампга қарши бўлганман. У менга ҳеч қачон ёқмаган». «Худойим, у қанчалар тентак!» «У менга ярамас одам бўлиб кўринади». Бу Вэнснинг Доналд Трамп ҳақида 2016 йилда, ўзига машҳурлик келтирган «Қишлоқ элегияси» мемуарлари эълон қилинганидан кейин айтган гапларнинг бир қисми.
Ўша йили у фейсбукда ҳамкасбларидан бири билан ёзишмада қуйидаги мазмунда хабар ёзади: «Мен баъзида Трамп —Америка Ҳитлери деб ўйлайман».
Аммо бир неча йил ўтганидан кейин Вэнс Трампнинг энг ишончли иттифоқчиларидан бирига айланди. Энди Оҳайо штатидан сайланган сенатор унинг сайловолди кампаниясидаги ҳамкори — ва республикачиларнинг 2028 йилги президентлик сайловлари учун номзодларидан бири. У бунга республикачи сенатор сифатида қозонган обрўси ва Американинг Ўрта Ғарбида туғилгани туфайли эришди.
Ўз ҳаёти ва карьерасида Вэнс бир неча бор туб ўзгаришларни бошдан ўтказган. Қашшоқ оиладан чиққан бу одам қандай қилиб Америка сиёсати чўққисига чиқа олди?
Уни машҳур қилган мемуарлар
Вэнс Оҳайо штатининг Миддлтаун шаҳрида туғилган ва Жеймс Дэвид Боуман исми-шарифини олган. Унинг онаси гиёҳванд моддаларга қарамликдан азият чекарди, отаси эса бўлажак сенатор чақалоқлигида оилани ташлаб кетган. Шунинг учун уни бувиси ва бобоси ўстирган, у уларни «она ва отаси» деб билади.
Миддлтаун АҚШ Ўрта ғарбидаги тушкунликка учраган саноат минтақаси бўлмиш «занглаган белбоғ» (Rust Belt)да жойлашган бўлса-да, Вэнс ўзини Американинг бироз бошқачароқ минтақаси: Аппалачи тоғлари ҳудуди билан боғлайди. Бу Америка жанубидан тортиб саноатлашган Ўрта Ғарб чеккаларигача чўзилган ҳудудлар бўлиб, Американинг қатор энг қашшоқ қисмларини ҳам ўз ичига олади.
Ўзининг «Қишлоқ элегияси» номли автобиографик асарида Вэнс оиласи аъзолари ва дўстлари ўзларининг омадсиз хатти-ҳаракатлари туфайли дуч келадиган кўпдан кўп синовлар ва қийинчиликларни борича тасвирлайди. Шу билан бирга, китобда у очиқчасига консерватив нуқтайи назарини билдиради: у ўз яқинларини давлат имтиёзларига қарам бўлиб қолган ва ўз муаммоларини мустақил равишда ҳал қила олмайдиган боқиманда кишилар сифатида тасвирлаган.
Вэнснинг ёзишича, у аппалачиликлар «ёмон шароитга бўлиши мумкин бўлган энг ёмон тарзда реакция қилишган» ва «ижтимоий таназзулга қарши туриш ўрнига, уни рағбатлантирадиган маданият маҳсули» бўлишган. «Ҳақиқат — оғир нарса, — дея ёзади Вэнс, — ва тоғликлар учун энг оғир ҳақиқат — бу одамлар ўзлари тўғрисида сўзлаши керак бўлган ҳақиқатдир».
Бу китоб чиққанида бўлажак вице-президентликка номзод аллақачон Миддлтаундан анча узоқларда эди. Аввалига у денгиз пиёдаларида хизмат қилади (хусусан, Ироқда ҳам бўлади), кейин эса Оҳайо штати Университетида ҳамда Йел ҳуқуқ мактабида таҳсил олади. Бу орқали у Калифорнияда венчур капиталистга айланади.
«Қишлоқ элегияси» эса Вэнсни таниқли ёзувчи ва машҳур шарҳловчига айлантиради, журналистлар Трампнинг сайловчилар, хусусан оқ танли ишчилар орасида машҳурлашиб кетиши сабабини сўраш учун тез-тез унга мурожаат қилишади. У эса республикачилар номзодини танқид қилиш имконини қўлдан бой бермайди.
«Ўйлайманки, бу сайловлар мамлакатга — айниқса оқ танли ишчилар синфига ёмон таъсир кўрсатади, — дейди у журналистлардан бирига 2016 йил октябрида. — Улар одамларга содир бўлаётган воқеалар учун бошқаларни айблашларига имкон беради: булар мексикалик муҳожирлар ёки Хитой савдоси ёки Демократик партия элитаси ёки яна кимдир».
Сиёсатга йўл
2017 йилда Вэнс венчур капитал соҳасида ишлашда давом этиш учун Оҳайога қайтиб келади. У ва рафиқаси — Уша Чилкурси Вэнс (улар Йелда танишишган) — уч фарзанд кўришади: Юана, Вивека ва Мирабел.
Уша Чилукури Вэнс — Ҳиндистондан келган муҳожирлар қизи бўлиб, Калифорниянинг Сан-Диего шаҳрида улғайган, шундай экан, унинг келиб чиқиши Вэнсникидан бутунлай бошқача. У Йел университетида ҳам ўқиган ва Британиянинг Кембриж университетида мастер даражасини олган.
Вэнсни анчадан буён истиқболли сиёсатчи сифатида кўришарди ва у Оҳайо штатидан республикачи сенатор Роб Портман 2022 йилги сайловларда иштирок этишдан бош тортганида, ўз имкониятини қўлдан бой бермайди.
Аввалига унинг кампанияси у қадар яхши кетмайди, аммо кейин Вэнсни собиқ бошлиғи: молиячи, ҳедж-фондлар раҳбари ва PayPal асосчиси Питер Тил қўллайди, унинг кампанияси учун 10 млн доллар ажратади. Аммо республикачиларга мойил бўлган Оҳайо штатида Вэнснинг сиёсий истиқболлари йўлидаги асосий тўсиқ унинг Трампга нисбатан айтган гаплари эди.
Вэнс ўзининг олдинги гаплари учун узр сўраб, Трамп билан муносабатларини яхшилайди, собиқ президент эса унинг номзодини сайловларда қўллайди. Шу тариқа, Вэнс Республика партияси номидан АҚШ Сенатида ўринга эга бўлади.
2022 йилда матбуот Вэнс ўз вақтида Трампни «Америка Ҳитлери» деб атаганидан хабар топганида, сиёсатчининг расмий вакили бундай гап чиндан ҳам бўлганини рад этмайди. Аммо у бу сўзлар энди Вэнснинг қарашларини ифодаламаслигини айтади.
Эндиликда Вэнс «Американи яна буюк қилиш»ни истовчилар лагеридаги кўзга кўринган фигуралардан бирига айланган ва амалда Трампнинг қарашларини тўла қўллаб-қувватлайди.
Сенатда у консерватив кун тартибининг изчил тарафдори: у популистик иқтисодий чораларни қўллайди ҳамда Украинага ёрдам кўрсатишга қарши бўлган таниқли мухолифлардан бири бўлиб қолди.
Вэнс Украина ва Россия ҳақида нималар деган ва ёзган?
Вэнс Украинага 60 миллиард доллар миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакети ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳасига қарши чиққан америкалик сенаторлар қаторида эди. Жорий йил апрелида Вэнс New York Times газетасидаги колонкасида эълон қилинган «Украина бўйича рақамлар ёпишмаяпти» сарлавҳали мақоласида ўз позициясини изоҳлаганди.
«Украинанинг муаммоси — Республикачилар партияси эмас, балки математикадир, — дея ёзган Вэнс. — Украинага у қатъий сафарбарлик сиёсатини амалга оширганида ҳам топа олиши мумкин бўлганидан кўпроқ аскар керак. Унга АҚШ етказиб бериши мумкин бўлганидан кўра кўпроқ қуроллар керак».
Вэнс Украина «шафқатсиз реаллик»ни қабул қилиши, мудофаа стратегиясини тасдиқлаши ҳамда имкон қадар тезроқ Россия билан музокара бошлаши кераклигини айтади. «Аммо бунинг учун ҳам Американинг, ҳам Украинанинг етакчилари [Украина президенти Володимир] Зеленский томонидан урушнинг мақсади сифатида айтилган гаплар — 1991 йилги чегараларга қайтиш — бу фантастика эканини тан олиши керак», — дея ёзади Вэнс.
Бу фикрга эса республикачиларнинг кўпчилиги ҳамда демократлар қўшилмайди, улар Украинага ёрдам бераётган Ғарб мамлакатларининг коллектив иқтисодий ва ҳарбий қудрати Россиянинг имкониятларидан анча каттароқлигини эслатишади. Сўнгги саммитда Украинанинг ғалабасини таъминлаш учун уни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қарор қилган Европанинг кўплаб мамлакатлари ва НАТО блоки ҳам худди шундай позицияда.
Американинг The Hill нашри эслатишича, феврал ойида бўлиб ўтган хавфсизлик бўйича Мюнхен конференциясида Вэнс Трампнинг «Америка биринчи навбатда» тамойилига асосланган ташқи сиёсат доктринасини қўллаб-қувватлаган.
Собиқ президентга қўшилган ҳолда у ҳам Европа ўз хавфсизлиги, хусусан қурол ишлаб чиқариш учун кўпроқ масъулиятни ўзига олиши кераклигини айтади. Шу тариқа, Вэнснинг фикрича, АҚШ Осиё минтақасига ҳамда тажовузкор Хитойга қарши туриш учун кўпроқ эътибор қаратиш имконига эга бўлади.
У шунингдек Россия президенти Владимир Путин билан мулоқотни давом эттиришга чақиради.
«Мен ҳеч қачон Путинни меҳрибон ва дўстона одам деб атамаганман. Мен айтаманки, у муайян манфаатларга эга одам ва АҚШ бу одамга муайян манфаатлар билан жавоб бериши керак», — дея Вэнснинг Мюнхендаги чиқишидан иқтибос келтиради The Hill.
«У ёмон йигит экани факти биз у билан Америка манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда оддий дипломатик алоқалар ўрната олмаслигимизни англатмайди. Бутун дунё ёмон йигитларга тўлган ва мени ҳозирда Шарқий Осиёдаги айрим муаммолар Европадагидан кўра кўпроқ қизиқтиради», — деган Вэнс.
Мавзуга оид
18:07
FT: АҚШ Трамп президентлигининг биринчи кунида ЖССТдан чиқишини эълон қилиши мумкин
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024