Жаҳон | 23:03 / 18.07.2024
16921
2 дақиқада ўқилади

2024 йилда сайёҳлар учун энг хавфли 10 та шаҳар эълон қилинди

Венесуэла, Покистон ва Мянма шаҳарлари халқаро саёҳатчилар учун энг хавфли йўналишлар деб топилди.

Каракас / Фото: Getty Images

2024 йилда сайёҳлар учун дунёдаги энг хавфли шаҳарлар аниқланди. Forbes Advisor рейтингига кўра, Венесуэла, Покистон ва Мянма шаҳарлари халқаро саёҳатчилар учун энг хавфли йўналишлар деб топилди.

Тадқиқотда саёҳат хавфсизлиги рейтингини ишлаб чиқиш учун қуйидаги омиллар ҳисобга олинган: жиноятчилик, шахсий хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, табиий офатлар ва рақамли хавфсизлик. Шаҳарлар сайёҳлар учун умумий хавфни кўрсатиш мақсадида 100 балли шкала бўйича баҳоланган.

Тадқиқотга кўра, саёҳатчилар учун энг хавфли шаҳар Венесуэла пойтахти Каракас ҳисобланади. Бу хавфлилик даражаси бўйича 100 балл олган ягона шаҳардир. Буюк Британия Ташқи ишлар, Ҳамдўстлик ва тараққиёт идораси (FCDO) Венесуэланинг айрим ҳудудларига саёҳат қилишдан мутлақо воз кечишни маслаҳат беради.

Рўйхатдаги кейинги шаҳар Карачи (Покистон) бўлди. У минтақадаги террорчилик хавфи туфайли сайёҳлар учун иккинчи энг хавфли шаҳар деб топилди.

Учинчи ўринни Мянманинг Янгон шаҳри эгаллади. Ушбу шаҳар 91,67 балл олди ва шахсий маълумотларни ўғирлаш, табиий офатлар ва соғлиқни сақлаш хизматларининг сифатсизлиги хавфи юқори эканлигини кўрсатди.

Шу билан бирга, Сингапур саёҳатчилар учун энг хавфсиз шаҳар деб топилди. Бу мамлакат табиий офатлар хавфи пастлиги, саломатлик хавфсизлиги ва инфратузилма таҳдидлари йўқлиги учун 0 балл олди.

Иккинчи энг хавфсиз шаҳар Токио (Япония), учинчи ўринни Канаданинг Торонто шаҳри эгаллади.

Сайёҳлар учун энг хавфли 10 та шаҳар рейтинги:

- Каракас, Венесуэла - 100 балл;

- Карачи, Покистон - 93,12 балл;

- Янгон, Мянма - 91,67 балл;

- Лагос, Нигерия - 91,54 балл;

- Манила, Филиппин - 91,49 балл;

- Дакка, Бангладеш - 89,5 балл;

- Богота, Колумбия - 86,7 балл;

- Қоҳира, Миср – 83,44 балл;

- Мехико, Мексика - 82,43 балл;

- Кито, Эквадор - 82,02 балл.

Мавзуга оид