Жаҳон | 18:02
1060
2 дақиқада ўқилади

Кюрасао банкнотаси 2025 йилда дунёдаги энг яхшиси деб топилди

Банкнота янги «Сув ости олами» сериясига киради. Дизайн Кариб ҳавзасининг бой денгиз ҳаётига бағишланган.

Халқаро банкнотлар жамияти (IBNS) нуфузли «Йил банкнотаси 2025» мукофоти ғолибини эълон қилди. Тарихда биринчи марта мукофот Кюрасао ва Синт-Мартен Марказий банкининг 200 Кариб гулдени банкнотасига берилди.

Нега айнан у ғалаба қозонди?

Банкнота янги «Сув ости олами» (World Under the Sea) сериясига киради. Дизайн Кариб ҳавзасининг бой денгиз ҳаётига бағишланган: олд томонида денгиз отчаси ва маржонлар, орқа томонида эса машҳур Queen Emma Bridge сузувчи кўприги тасвирланган. Банкнот ёрқин бинафша рангда ишланган ва илғор ҳимоя элементларини ўз ичига олади.

Кюрасао — Нидерландия Қироллиги таркибидаги автоном мамлакат бўлиб, Кариб денгизининг жанубий қисмида, Венесуэла қирғоқлари яқинида жойлашган. Синт-Мартен ва Кариб денгизи Нидерландиясининг бошқа ороллари билан биргаликда алоҳида валюта зонасини ташкил этади.

Янги серия 2025 йил март ойида муомалага киритилди ва аллақачон коллекционерлар томонидан юқори баҳоланди.

2025 йилнинг бошқа совриндорлари:

- 2-ўрин - Фижи 5 доллари;

- 3-ўрин - Замбиянинг 100 квачи.

Шунингдек, энг яхши банкнотлар ичида Хитой 20 юани, БАА 100 дирҳами, Эроннинг 2 миллион риёли, Қозоғистоннинг 1000 тенгеси, Россиянинг 1000 рубли, Тожикистоннинг 100 сомонийси ва бошқалар бор.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид