Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германияда Россияга учувчисиз учоқлар эҳтиёт қисмларини экспорт қилганлар судланди
Ҳукмлар Германия ва Россия фуқаролигига эга бўлган эр-хотинга чиқарилган. Штутгарт суди эр-хотин Россия Федерациясидаги ҳарбий техника ишлаб чиқарувчисига бутловчи қисмлар етказиб беришган деб топди.
Штутгарт Олий минтақавий суди Саар федерал ерида яшовчи собиқ тадбиркорни Россияга учувчисиз учоқлар учун бутловчи қисмларни ноқонуний етказиб берганликда айблаб, олти йил-у тўққиз ойга озодликдан маҳрум қилди. Суд 17 июл, чоршанба куни айбланувчи томонидан тақдим этилган материаллар ҳарбий мақсадларда ишлатилган деб топилди.
Худди шу ишда иштирок этган, Баден-Вюртемберг федерал еридаги тадбиркорнинг рафиқаси эрига ёрдам бергани учун 21 ой шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Шундай қилиб, суд Федерал прокуратура сўровларини қондирди. Иккала айбланувчи ҳам Германия ва Россия фуқаролигига эга.
Европа эмбаргосининг бузилиши
Иш материалларидан маълум бўлишича, эр-хотиннинг мижози Россияда ҳарбий мақсадлар учун материаллар ва бутловчи қисмлар, жумладан, Украинага қарши урушда рус қўшинлари томонидан қўлланган "Орлан-10" дронини ишлаб чиқарган. Маҳкумлар томонидан унга етказиб берилган электр компонентлари Европа Иттифоқи эмбаргосига дучор бўлган ушбу дронларнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Россияга экспорт қилинган трансформаторлар, кучайтиргичлар ва транзисторлар каби компонентлар, масалан, Германияда сотиб олинган. Маҳкумлар ушбу материалларни Россияга жўнатишда, таркибий қисмлар Германияда қолган деган таассурот яратиш учун сохта олувчиларни кўрсатишган. Бироқ, сотиб олинган қисмлар, хусусан, Санкт-Петербургдаги компаниялардан бири томонидан етказиб берилган.
2022 йил феврал ойида Россиянинг Украинага қуролли ҳужумидан сўнг, Европа Иттифоқи Россия Федерациясига қарши санкцияларни кучайтирди ҳамда судланган эр-хотин Туркия, Хитой ва БАА орқали Россияга таркибий қисмларни жўнатиб, ўзларининг бизнес моделларини мослаштирдилар. Россияга экспорт қилинган эҳтиёт қисмлар миқдори қарийб 875 минг еврони ташкил этди.
Мавзуга оид
09:55 / 24.06.2026
Путин: Ёнилғи танқислиги Украинадаги урушга таъсир қилмайди
08:45 / 24.06.2026
Санкциялар юмшатилиши Россия нефт экспортига туртки берди
21:15 / 23.06.2026
Россия Украина билан «2022 йилдаги Истанбул келишувлари асосида» музокаралар олиб боришга тайёр - Путин
16:29 / 23.06.2026