Ўзбекистон | 19:49 / 19.07.2024
4870
2 дақиқада ўқилади

6 ойда қарийб 1,8 минг гектар ер майдонлари талон-торож қилинди

Мазкур ҳолатар юзасидан 961 та жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Бош прокуратура

Ўзбекистонда 6 ойда ўзбошимчалик билан эгалланганлиги аниқланган 1 442 гектар ер майдонлари захирага қайтарилган. Бу ҳақда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида ўтказилган кенгайтирилган ҳайъат мажлисида маълум қилинди.

Ҳайъат йиғилишида прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2024 йилнинг 1-ярмидаги фаолияти натижалари кўриб чиқилган.

Таъкидланишича, 2024 йилнинг 6 ойида прокуратура органлари томонидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 102 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 236 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Назорат тадбирлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилганлиги аниқланган 1,8 трлн сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.

Ёқилғи - энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтказилган қарийб 50 мингта рейд тадбирлари давомида, 48 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилиб, 217 млрд сўм зарар ундирилган.

Шунингдек, ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида ўзбошимчалик билан эгалланганлиги аниқланган 1 442 гектар ер майдонлари захирага қайтарилиши таъминланган. 1 752 гектар ер майдонларини талон - торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан эса 961 та жиноят иши қўзғатилган.

Мажлисда аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, мурожаатлар билан ишлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Маълум бўлишича, 6 ойда 137 мингта мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва қарийб 30 минг нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган.

Бош прокурор томонидан ходимларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, малакали прокурорлар корпусини шакллантиришни янада кучайтириш, бу борада Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш бўйича топшириқлар берилган.

Мавзуга оид