Иқтисодиёт | 15:26 / 22.07.2024
2134
1 дақиқада ўқилади

Лондонда Ўзбекистон компанияларининг Британия бозорига кириши масаласи муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг Британиядаги элчихонасида Parker Russell компанияси ижрочи директори Жейсон Паркер билан икки томонлама учрашув ўтказилди.

"Дунё" хабарига кўра, Parker Russell - дунё бўйлаб сертификатланган бухгалтерия, халқаро аудит, солиқ ва ҳуқуқий соҳаларда хизмат кўрсатувчи йирик консалтинг компания ҳисобланади. Ушбу ташкилот корхоналар ва жисмоний шахсларга аудит ва бухгалтерия, солиқ, молиявий, консалтинг ҳамда юридик хизматларни тақдим этади. Ҳозирги кунда дунёнинг 75 мамлакатида компаниянинг доимий офислари мавжуд. Ўзбекистонда Parker Russell ташкилотининг фаолияти 2003 йилда таъсис этилган.

Мулоқот давомида Жейсон Паркер томонидан мазкур ташкилот ва унинг фаолияти билан батафсил таништирилиб, ҳозирда компаниянинг Ўзбекистон йирик бизнес субъектлари ҳамда тадбиркорларига Британия бозорларига киришда, қолаверса республикага хорижий инвестицияларни жалб этиш амалиётларига ўзининг кўмагини кўрсатишга тайёрлиги билдирилди.

Шунингдек, суҳбат давомида Жейсон Паркер ташкилотининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасида икки томонлама учрашувлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Мавзуга оид