Сайт ва мобил иловага 1,2 млрд сўм сарфлаётган марказга нисбатан иш қўзғатилди – Рақобат қўмитаси
Маънавият ва маърифат маркази “qadriyatim.uz”, “tanlov.manaviyat.uz” сайтлари ва мобил иловаларини яратиш учун 1,2 млрд сўм сарфлаши муҳокамаларга сабаб бўлганди. Рақобат қўмитаси ижрочи сифатида “United IT Company” МЧЖни танлаб олишда “Рақобат тўғрисида”ги қонун бузилганининг аломатларини аниқлади. Бу компания кўплаб катта тендерларда ғолиб бўлиб келади.
Аввалроқ Kun.uz Республика Маънавият ва маърифат маркази “qadriyatim.uz” портали ва интерактив мобил иловаси ҳамда “tanlov.manaviyat.uz” сайти ва мобил иловасини яратиш учун умумий ҳисобда 1 млрд 204 млн 400 минг сўм сарфлашни режа қилгани ҳақида ёзганди.
Рақобат қўмитаси бу борада IT-компанияни танлаб олиш бўйича ўтказилган танлов савдоларини ўрганиб чиқди.
Қўмитанинг билдиришича, ўрганишда “Рақобат тўғрисида”ги қонунининг 29-моддаси талабларига риоя қилинмагани аломатлари аниқланиб, Республика Маънавият ва маърифат марказига нисбатан иш қўзғатилган.
Иш белгиланган тартибда кўриб чиқилади, натижаси ҳақида қўшимча ахборот тақдим этилади, дейилади расмий хабарда.
Маълумот учун, “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддасида савдоларда рақобатни чеклашга қарши талаблар назарда тутилган. Унда савдоларда рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган бир қатор ҳаракатлар тақиқланган. Уларнинг қаторида савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда иштирок этиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан ахборотдан фойдаланиш орқали имтиёзли шарт-шароитлар яратиш ҳамда савдоларда талабнинг ўзгаришига, нархларнинг сунъий равишда оширилишига олиб келиши мумкин бўлган ёлғон, асоссиз маълумотларни тарқатиш тақиқланишига оид талаблар бор.
Эслатиб ўтамиз, “Qadriyatim.uz” сайти ва мобил иловасида Ўзбекистоннинг миллий урф-одатлари, маросимлари, байрамлари, турли хил қадриятлари ҳақидаги маълумотлар бўлиши кўзда тутилган. “Tanlov.manaviyat.uz” сайти ва мобил иловаси эса ютуқли ўйин ва викториналар ўтказишга мўлжалланган.
Бу икки платформани ишлаб чиқиш учун ўтказилган тендерда 3 та компания иштирок этган ва якунда “United IT company” МЧЖ ғолиб бўлган. Бу компания бундан олдин ҳам давлат ташкилотлари томонидан ўтказилган қатор катта тендерларда ғолиб бўлган.
- 2022 йилнинг ноябр ойида айни пайтда мавжуд бўлмаган Камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш агентлиги “Онлайн маҳалла” ахборот тизимини яратиш учун 8,4 млрд сўм (ўша пайтдаги курс бўйича 755 минг доллар) сарфлаётгани ва истисно тариқасида тендер ўтказмасдан шартнома тузгани жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди. 2023 йилнинг сентябр ойида эса маданият вазири Озодбек Назарбеков давлат мукофотларини олган санъаткорлар ҳақидаги портални яратиш учун бюджетдан салкам 500 млн сўм маблағ ажратиш ҳақида буйруқ чиқарганди.
- 2024 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджети дефицити 34 трлн сўмдан ошди. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан қарийб 27 фоизга кўп.
Мавзуга оид
11:07 / 18.12.2024
Бир қатор нодавлат таълим муассасаларида қонунбузарликлар аниқланди
17:42 / 16.12.2024
7,2 млрд сўмлик тендер савдолари ихтиёрий равишда бекор қилинди
12:22 / 13.12.2024
Рақобат қўмитаси Yandex Go’ни огоҳлантирди
19:22 / 05.12.2024