Ўзбекистон | 13:33 / 27.11.2025
5014
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда тиббиёт бирлашмалари 160 минг истеъмолчидан асоссиз маблағ олгани аниқланди

Рақобат қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси текширувлари натижасида Янгибозор ва Гурлан туман тиббиёт бирлашмалари 160 мингга яқин истеъмолчидан жами 230 миллион сўмдан ортиқ асоссиз маблағ ундиргани аниқланди. Маблағларни қайтариш ва қонун талабларига риоя этиш юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди.

Фото: xiva-shtb.uz

Рақобат қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан тиббиёт муассасалари ва тиббиёт бирлашмаларида пуллик тиббий хизматлар кўрсатилиши жараёни “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ва тегишли қонуности ҳужжатлари талаблари асосида ўрганиб чиқилди.

Ўрганишлар 2023–2024 йиллар ҳамда 2025 йил 1 июлига қадар бўлган даврни ўз ичига олди. Текширувлар давомида:

  • Янгибозор туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 39 мингга яқин истеъмолчидан жами 2 млрд сўмга яқин пуллик тиббий хизмат учун тўлов ундирилгани;
  • Гурлан туман тиббиёт бирлашмаси томонидан эса 120 минг нафарга яқин истеъмолчидан жами 3 млрд сўмга яқин пуллик тиббий хизмат кўрсатилгани аниқланди.

Шу билан бирга, пуллик хизматлар кўрсатиш жараёнида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилди. Жумладан:

  • истеъмолчиларга тақдим этилган хизматлар нархига асоссиз равишда қўшимча солиқлар қўшилган;
  • беморлар амалда фойдаланмаган дори-дармон ва тиббий буюмлар нархлари ҳам умумий хизмат нархига киритиб юборилган.

Натижада, жами 160 мингга яқин истеъмолчидан 230 миллион сўмдан ортиқ ортиқча маблағ ундирилгани маълум бўлди.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан Янгибозор ва Гурлан туман тиббиёт бирлашмаларига нисбатан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши аломатлари бўйича иш қўзғатилди.

Тиббиёт бирлашмаларига:

  • истеъмолчилардан асоссиз равишда ундирилган 230 миллион сўмдан ортиқ маблағларни қайтариш;
  • келгусида бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик мақсадида қонун талабларига қатъий риоя этиш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид