Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Байден маъмуриятининг муддат охиригача бош вазифаси Украинани Трамп қайтишидан ҳимоялаш бўлади
АҚШ молия вазирлиги, Давлат департаменти ва НАТО янги ваколатларга эга бўлади.
Сайловларда Доналд Трамп ғалаба қозонган тақдирда Украинани имкон қадар максимал қўллаб-қувватлашни таъминлаш кафолати Жо Байден ваколати тугагунга қадар Оқ уйнинг энг муҳим устувор вазифаларидан бири бўлади, деб ёзмоқда Financial Times.
Нашр сўровномасида иштирок этган мулозимлар ва таҳлилчилар Байден маъмурияти Украинага яна бир ёрдам пакетини маъқуллашга улгурмай қолади, деган фикрда. Республикачиларнинг қаршилиги туфайли Конгрессда 61 млрд долларлик траншни тасдиқлаш олти ойга чўзилиб кетган эди.
Шу сабабдан, пойгани тарк этиши тўғрисида расман эълон қилгач, Байден молия вазири Жаннет Йеллен ва Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкенга Украинани қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги ваколатларини қонун доирасида топширган. Унга кўра, АҚШ юрисдикцияси остидаги Россия активларини мусодара қилиш ва уни Украинани қўллаб-қувватлашга йўналтириш мумкин.
Сайловларда республикачи Доналд Трамп ва унинг вице-президентликка номзоди Жей Ди Вэнс ғалаба қозонган тақдирда, улар Украинани қўллаб-қувватлашни бас қилиб, имкон қадар урушга якун ясаш ниятида. Бу ҳолатда Киев Россия томонидан ишғол этилган ҳудудларидан воз кечишга мажбур бўлади. Байденнинг чиқарган янги фармони бу сценарийнинг олдини олишга яна бир ҳаракатдир.
Бундан ташқари, НАТО ўз шафелиги остида иттифоқчиларнинг ёрдамларини тақсимловчи ва украиналик ҳарбийларни тайёрлаб берувчи махсус миссия яратишни режалаштирмоқда. Кутилишича, миссияга АҚШлик офицер бош бўлади ва Америка президенти унинг ишига аралашиш имкониятидан маҳрум бўлади.