Камала Ҳаррис — Оқ уйда янги одам. WSJ АҚШ президентлигига номзоднинг атрофидагилар ҳақида маълумот берди
АҚШ вице-президенти, Жо Байден томонидан Демократик партиянинг президентликка номзоди сифатида илгари сурилган Камала Ҳарриснинг яқин кишилари доирасига унинг оиласи аъзолари ҳамда Калифорния бош прокурори ва сенатор сифатидаги фаолияти вақтида ҳамкорлик қилган сафдошлари киради, дея ёзади The Wall Street Journal.
Нашр вице-президентнинг кўпчиликка таниш бўлган асосий тарафдорларидан бири сифатида унинг турмуш ўртоғи Даг Эмҳоффни келтирган, улар 2014 йилда, Ҳаррис Калифорния бош прокурори сифатида иккинчи муддатида ишлашни бошлаганида никоҳдан ўтишган. Эмҳофф — ҳуқуқшунос. Вице-президентнинг турмуш ўртоғи сифатида у АҚШнинг «иккинчи жентлмени» («биринчи леди»га муқобил) мақомини олган. Оқ уйнинг ҳозирги маъмуриятида Эмҳофф гендер тенглик масалалари, жумладан аёллар ҳуқуқлари, антисемитизмга қарши кураш бўйича шуғулланади. Эмҳоффда яҳудийлар қони бор — ва у Оқ уйга миллий маданий анъаналарни олиб кирган: Песах байрамини нишонлашдан тортиб Ҳарриснинг қароргоҳи эшикларига мезузлар осиб қўйишгача.
Шунингдек, Ҳарриснинг яқин кишилари сирасига унинг ўзи каби ҳуқуқшунос бўлган бошқа қариндошлари ҳам киради. Улардан бири синглиси Майя Ҳаррис. Камала 2020 йилда президентликка номзодини қўйганида, у сайловолди штаби раҳбари бўлган, ундан олдинроқ эса Ҳиллари Клинтонга 2016 йилги кампания даврида маслаҳатчилик қилган, аммо ҳеч қачон Оқ уйда расмий лавозимда ишламаган.
WSJ Ҳарриснинг тарафдорлари қаторида унинг куёви Тони Уэстни келтирган, у Обама маъмурияти даврида бош прокурор ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Нашрнинг қайд этишича, у сўнгги кунларда турли тадбирларда, жумладан хайрия маблағлари йиғишда Ҳаррисга ҳамроҳлик қилмоқда. Бундан ташқари, Ҳаррис ўз қариндоши, ҳуқуқшунос ва ёзувчи Мина Ҳаррис билан ҳам яқин алоқа ўрнатган.
Бундан ташқари, Ҳаррис 2016 йилда Сенатга сайланганидан кейин ўзи билан бирга ишлаганлар орасида иттифоқчиларга эга. Улардан бири — унинг собиқ сиёсий маслаҳатчиси Рохини Косоглу. У 2020 йилда Байден-Ҳаррис жамоасининг президентлик кампанияси вақтида, кейин — сайловлардаги ғалабадан кейинги ўтиш даври жамоасида катта маслаҳатчи бўлиб ишлаган. Ўтиш даври жамоасининг яна бир аъзоси Жош Сюй сенатдаги фаолияти даврида Ҳаррис аппарати раҳбари ўринбосари ва бош юрисконсулт бўлган, шунингдек — Ҳарриснинг 2020 йилги сайлов кампаниясида миллий сиёсат бўйича директор бўлганди.
WSJ Ҳарриснинг тарафдорлари сифатида сенатда ва 2020 йилги қисқа муддатли сайлов кампаниясида у билан бирга ишлаган яна бир неча кишиларни келтирган — Айк Ирби, Жули Чавес Родригес, Кристин Люциус ва Лоррейн Воулс. Улардан охиргиси ҳозирда Ҳаррис штабини бошқармоқда.
Бундан ташқари, Ҳаррис қора танлиларнинг ҳуқуқлари учун курашувчи сиёсий етакчилар, шунингдек аборт ҳуқуқини ёқловчи кишилар билан «яқин алоқаларга эга». Нашр улар сирасига Демократик партиянинг миллий қурултойи раиси Минон Мур, калифорниялик сенатор Лафонзу Батлер ва Калифорния губернатори Гэвин Нюсомнинг собиқ маслаҳатчилари Эйс Смит ва Шон Клеггни киритан. WSJ манбаси сўзларига кўра, Клегг яқинда ҳам Ҳаррисга Республикачилар партиясидан вице-президентликка номзод бўлган Жей Ди Вэнс билан дебати юзасидан маслаҳатчилик қилганди.
Байден сайлов пойгасини тарк этишини эълон қилганидан икки кун ўтиб, WSJ собиқ ва ҳозирги амалдорларга таянган ҳолда, Камала Ҳаррис ғалаба қозонадиган бўлса, амалдаги президентнинг яқин сафдошлари — АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен, мудофаа вазири Ллойд Остин ва президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ўз лавозимларини тарк этиши мумкинлиги ҳақида ёзган. Нашр тахминига кўра, Ҳаррис жамоасида асосий ролни унинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Филип Гордон ўйнайди, у Барак Обама маъмурияти вақтида АҚШ Давлат департаментида Европа масалалари бўйича ишлаган, кейин Оқ уй мулозимига айланиб, Яқин Шарқ масалалари билан шуғулланган.
The Wall Street Journal қайд этишича, Камала Ҳаррис — Жо Байдендан фарқли ўлароқ — Оқ уйдаги янги одам бўлиб қолмоқда.
Мавзуга оид
13:49 / 18.11.2024
Молдовадаги сайловлар: КС шикоятлар туфайли натижаларни ҳали тасдиқламади
16:56 / 14.11.2024
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритди
21:49 / 08.11.2024
Ишчилар синфи исёни ёки муваффақиятсиз кампания? Ҳаррис сайловда нега ютқазди?
22:15 / 07.11.2024