Жаҳон | 07:45 / 29.07.2024
2131
4 дақиқада ўқилади

Оқ уй: Жўлан тепаликларига берилган зарба - «Ҳизбуллоҳ»нинг иши

АҚШ расмийлари камида 12 кишининг ҳаётига зомин бўлган Жўлан тепаликларига ҳужум учун Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати масъул деб ҳисоблайди. Вашингтон Исроилни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Фото: Ammar Awad / Reuters

АҚШ ҳукумати Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини Жўлан тепаликларида камида 12 киши, аксарияти болалар ва ўсмирлар ҳалок бўлган ракета ҳужуми учун жавобгар деб билади. «Ушбу ҳужум Ливан «Ҳизбуллоҳ»и томонидан амалга оширилди. Бу уларнинг ракетаси, улар назорат қилаётган ҳудуддан учирилди. Ҳужум ҳар томонлама қораланиши керак», деди АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриенн Уотсон Оқ уй сайтида чоп этилган баёнотда

Вашингтон ҳужумдан кейин Исроил ва Ливан томонлари билан алоқада, дея қўшимча қилди Уотсон. АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлаши «Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган барча таҳдидларга, жумладан «Ҳизбуллоҳ»га қарши курашда қатъийдир». 

Шу билан бирга, АҚШ ҳукумати барча ҳужумларга барҳам берадиган «мовий чизиқ» (Ливан, Исроил ва Жўлан тепаликларини ажратиб турувчи демаркация чизиғи, 2000 йилда БМТ томонидан эълон қилинган) бўйича «дипломатик ечим» устида ишламоқда. Бу чегаранинг ҳар икки томонидаги тинч аҳолига ўз уйларига хавфсиз қайтишга имкон беради, деди Оқ уй матбуот котиби.

Жўлан тепаликларига ҳужум

Исроил кеча Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатини Жўлан тепаликлари шимолидаги Маждал Шамс қишлоғини ўққа тутганликда айблади. Исроил армиясига кўра, ҳужумда Эронда ишлаб чиқарилган Falaq-1 ракетаси ишлатилган. «Ҳизбуллоҳ» ҳужумга алоқадорлигини рад этади.

Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац «Ҳизбуллоҳ» Маждал Шамсга ҳужуми билан «барча қизил чизиқларни кесиб ўтганини» айтди ва «тўлиқ кўламли уруш» эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди. Шу билан бирга, Исроил Европа давлатлари ва Қўшма Штатлар томонидан қўллаб-қувватланади, дейди у. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Жўлан тепаликларига қилинган ҳужумни жавобсиз қолдирмасликка ваъда берди.

Ўз навбатида, Ливан ҳукумати Маждал Шамс қишлоғига қилинган ҳужум фонида «тинч аҳолига қарши барча зўравонлик ва тажовузкорлик ҳаракатларини» қоралади. «Тинч аҳолига қарши ҳужумлар халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши ва инсонпарварлик тамойилларига зиддир», дейилади ҳукумат баёнотида. У «ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш»га чақиради.

Исроил шимоли-шарқидаги можаро

Исроилнинг Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёти бошланганидан бери Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати жангчилари ўртасида зиддият кучайди. Исроил шимолида, Ливан билан чегарадош ҳудудда деярли ҳар куни жанглар кузатилади.

Жўлан тепаликлари ўнлаб йиллар давомида Яқин Шарқдаги баҳсли ҳудуд бўлиб қолмоқда. Исроил 1967 йилда араб давлатлари коалициясига қарши Олти кунлик уруш пайтида Жўлан тепаликларининг муҳим қисмини эгаллаб олди ва 1981 йилда уни аннексия қилди. Қўшма Штатлар 2019 йилда Жўлан тепаликлари устидан Исроил суверенитетини тан олган ягона давлатга айланди.

Мавзуга оид