Жаҳон | 12:45
2642
3 дақиқада ўқилади

“Ҳизбуллоҳ”: Исроилга қарши ҳужумлар тўхтамайди

Исроил Ливанга кенг кўламли авиаҳужумлар уюштирди. Байрутдаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, камида 182 киши ҳалок бўлган. БМТ Бош котиби бу ҳужумларни қоралаб, улар АҚШ ва Эрон ўртасидаги сулҳга таҳдид солаётганидан огоҳлантирди.

Фото: AP

Эрон қўллаб-қувватлайдиган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Исроилнинг Ливандаги вайронкор авиаҳужумларидан кейин Исроилга зарба беришни давом эттиришга ваъда берди. Гуруҳ баёнотида айтилишича, 9 апрел, пайшанбага ўтар кечаси Исроил томонидан “сулҳнинг бузилиши”га жавоб сифатида Исроил шимолидаги Манара кибуцаси ўққа тутилган. “Ҳизбуллоҳ” қўшимча қилишича, Исроилга қарши жавоб зарбалари “Исроил-Америка тажовузи” тўхтамагунча давом этади.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил авиаҳужумлари оқибатида камида 182 киши ҳалок бўлган, яна тахминан 890 киши яраланган. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳужумларни кескин қоралаб, уларни “кенг кўламли ҳужумлар” деб атади. Унинг таъкидлашича, натижада “юзлаб тинч аҳоли вакиллари, жумладан болалар ўлдирилган ва яраланган”, шунингдек, фуқаролик инфратузилмасига ҳам зарар етган.

Гутерриш фикрича, Исроилнинг Ливанга қарши кенг кўламли зарбалари АҚШ ва Эрон ўртасида эндигина тузилган сулҳни хавф остига қўймоқда. БМТ Бош котиби матбуот котиби Стефан Дюжаррик шундай деди: “Ливанда давом этаётган ҳарбий фаоллик сулҳ ва минтақада барқарор ҳамда кенг қамровли тинчликка эришиш саъй-ҳаракатлари учун жиддий таҳдид туғдирмоқда”.

Гутерриш можаронинг барча томонларини “дарҳол ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга” чақириб, бу можаронинг ҳарбий ечими йўқлигини таъкидлади.

Эронга қарши урушда икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай, Исроил “Ҳизбуллоҳ”га қарши зарбаларни давом эттириш ниятида. АҚШ, Эрондан фарқли равишда, ушбу сулҳни Ливанга татбиқ этмаяпти. Эроннинг Fars агентлиги хабар беришича, Теҳрон энди “Ҳизбуллоҳ”га қарши давом этаётган Исроил зарбалари сабабли сулҳдан чиқиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда.

Бундан олдин Исроил, сулҳга қарамай, Ливандаги кўплаб нишонларга, жумладан, мамлакат пойтахти Байрутга тўсатдан кенг кўламли зарба берди. Исроил ҳарбийлари бу зарбалар “Ҳизбуллоҳ” қўмондонлари ва ҳарбий инфратузилмасига қарши қаратилганини билдирди. Аммо Ливан томони тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонлар борлигини маълум қилди.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан кейин, “Ҳизбуллоҳ” март ойи бошида Исроилга қарши зарбаларни қайта бошлаган эди. Исроил бунга жавобан Ливанда кенг кўламли авиаҳужумлар ва қуруқликдаги операцияларни амалга оширди. “Ҳизбуллоҳ” минтақада Эроннинг энг асосий иттифоқчиси ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид