АҚШ–Эрон сулҳининг рўёбга чиқишига Исроилнинг Ливанга ҳужумлари тўғаноқ бўлмоқда. Бунга жавобан Эрон Ҳўрмуз бўғозини яна чеклади. Оқ уй сулҳ шартлари “Ҳизбуллоҳ”га ҳам тааллуқли эканини рад этяпти. Хўш, Исроил бу сафар Ливанда нимага эришмоқчи?

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар шу ҳақда сўз юритади.

Шавкат Икромов: Исроил аввал ҳам Ливан ҳудудига кирган ва 1985 йилда мамлакат жанубини тўлиқ эгаллаган ҳолда, 2000-йилгача бу ерда қолган. Ўшанда Исроил ўзини ғолиб деб эълон қилган эди.

Бироқ, 1985 йилдан кейин “Ҳизбуллоҳ” фаоллашиб, Исроилга жиддий талафот етказди. Натижада Исроил деярли мингга яқин аскарини йўқотиб, Ливаннинг жанубидаги ҳозирги назорат ҳудудларига чекинишга мажбур бўлган эди. Лекин жорий йилнинг 3 апрелидан бошлаб вазият кескин ўзгарди.

Исроил Ливан ҳудудига нисбатан кенг қамровли ҳужумларни бошлади: қуруқликдан кириб бориш, ҳаводан зарбалар бериш каби ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Расмий изоҳларга кўра, бу операциялар “Ҳизбуллоҳ”ни йўқ қилиш ва уни қуролсизлантириш мақсадида олиб борилмоқда.

Исроил бу ҳудудда тинч аҳолига айнан “Ҳизбуллоҳ” таҳдид солмоқда, деб ҳисоблайди. Аслида, 2024 йилда Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида катта тўқнашув юз берган, шундан сўнг Ғазодаги вазият фонида Ливан ва Исроил ҳукуматлари ўртасида келишувга эришилган эди. Ушбу келишувга кўра, Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”ни ички имкониятлар орқали қуролсизлантириш мажбуриятини олган. Аммо Исроил фикрича, бу жараён якунига етмаган ва “Ҳизбуллоҳ” ҳануз тўлиқ қуролсизланмаган. Шу сабабли Исроил Ливаннинг ички ишларига аралашган ҳолда “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттирмоқда. Унинг асосий мақсади – “Ҳизбуллоҳ”ни тўлиқ қуролсизлантириш.

Яқин Шарқ бўйича кузатувчилар эса бошқача фикрда. Уларнинг таъкидлашича, “Ҳизбуллоҳ”ни тўлиқ қуролсизлантириш фақат Ливанни тўлиқ назорат остига олиш билангина амалга ошиши мумкин. Бошқа йўл билан бунга эришиш деярли имконсиз. Ҳозирнинг ўзида Ливаннинг жанубий ҳудудлари асосан “Ҳизбуллоҳ” фаолият юритадиган ҳудудлар бўлиб, Исроил уларни қисман назорат остида ушлаб турибди. Энди эса ҳаракатлар бутун Ливан бўйлаб кенгайиши эҳтимоли бор.

Шу билан бирга, 2023–2025 йиллар давомида Исроил “Ҳизбуллоҳ”ни сезиларли даражада заифлаштирди. Ташкилот ҳозир ўз тарихидаги энг оғир босқичлардан бирини бошдан кечирмоқда: етакчиларининг йўқ қилиниши ва кетма-кет зарбалар туфайли у ҳали ўз кучини тиклаб улгурмаган.