Жамият | 21:26 / 29.07.2024
16125
3 дақиқада ўқилади

“Ўзимни дунёдаги энг бахтли одам деб биламан” — бир қўлда рўзғор тебратаётган аравакаш

“Кунига 150-200 минг сўм атрофида пул топаман, баъзи кунлари 50 минг сўм ҳам тушмайди. 8 ёшли ўғлим раҳми келганидан менга ишимда ёрдамлашгиси келади. Кўргани 4 та нон-у бир дона тарвуз олиб борсам, онамнинг хурсандчилиги дунёларга сиғмай кетади” дейди бир қўлида бозорда арава тортиб, тирикчилик қилаётган фарғоналик Пўлатжон.

Пўлатжон Абдураҳмонов Фарғона шаҳридаги деҳқон бозорида арава тортади. Бир қўл билан дунёга келган аравакаш ризқини бозордан топди. Пўлатжонни бозорда ҳамма ҳурмат қилади.

1-синфда ўқийдиган ўғлим бозорга келиб ёрдам беради

“Эрталабдан кечки соат 18:00 гача ишлайман. Худонинг бергани, фарзандларимнинг ризқини топиб юрибман. Гоҳида юз минг, баъзида юз эллик минг сўмгача пул топаман. Аравам ижарага олинган. Ҳар куни 10 минг сўм ижара ҳақи топширамиз.

Бир қўлда эплаяпман, Худога шукур. Лекин барибир бир қўлда ишлаш қийин. Худонинг қудрати. Борига шукур. Қўлим туғма, шу ҳолатда туғилганман. Икки нафар ўғлим бор, ишдан қайтишимни кутиб ўтиришади. Катта ўғлим биринчи синфни тугатди, яқинда 8 ёшга киради. Кичик ўғлим 6 ёш. Тўнғич ўғлим ҳолатимни кўриб, менга ёрдам бергиси келади. Бозорга келиб арава тортиб ёрдам беради”.

Баъзан одамлар аравамга юк ортишни хоҳламайди

“Тирикчилик. Рўзғор тебратиш керак. Ҳар хил мижозларга дуч келаман. Бозорда арава тортиб юрсам, одамлар аввалига қўлимни кўрмай туриб ёнига чақиришади-да, бир қўлим йўқлигини кўргач эса юкимни манзилга элтишга қийналасан, сенга бу иш бўлмайди, дейишади. Кўнглим ўксиб, ортимга қайтаман. Аммо бир қўл билан ҳам оғир юкларни кўтара оламан. Илож қанча, баъзилар раҳми келганидан кўп ҳолларда ўзлари юкни аравага ортиб қўйишади.

Худога шукур, оилам тинч. Топган пулим рўзғорга етяпти. Оилам тинчлиги, бола-чақам ёнимда экани мен учун асосий бахт.

Ҳар куни ишдан чарчаб борсам, болаларим қувониб кутиб олишади. Оёғимни, елкаларимни уқалашади, ўғилларим ўзимга суянчиқ. Ўғилларим ҳеч қачон қўлимга нима бўлганини сўрашмаган. Бу туғма эканини билишади”.

Дунёдаги энг бахтиёр отаман

“Қишда иш кам бўлади. Лекин совуқ кунларда ҳам иложи борича рўзғоримни бут қилиб қўяман. Қишда ҳам қўшимча ишлар қилмай, фақат арава тортаман.

Ишлаб топган пулимдан онамга тўртта нон, битта тарвуз олиб борсам жуда хурсанд бўладилар. Она барибир она экан-да. Хавотир олмасин деб тез-тез ёнига бориб тураман.

Мен дунёда энг бахтли одамман, чунки онам ҳаёт, оилам тинч, икки ўғлим – икки қанотим ёнимда, дунёдаги энг бахтиёр отаман...”.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров.

Мавзуга оид