Жаҳон | 08:35 / 29.07.2024
2817
4 дақиқада ўқилади

Венесуэлада президентлик сайловлари бўлиб ўтди

Венесуэлада президентлик сайлови учун овоз бериш ўтказилди. Сўровларда мухолифат етакчиси Эдмундо Гонсалес Уррутиа етакчилик қилмоқда. Мамлакатнинг авторитар ҳукмдори Николас Мадуро мағлуб бўлса, «қон тўкиши» билан таҳдид қилди.

Фото: SCANPIX

Венесуэлада президентлик сайлови учун овоз бериш бўлиб ўтди. 28 июл, якшанба куни бутун мамлакат бўйлаб 30 минг сайлов участкаси маҳаллий вақт билан соат 6.00 да (Тошкент вақти билан 15.00) очилди ва 18.00 да (Тошкент вақти билан соат 03.00) ёпилади. Дастлабки натижалар 29 июл, душанба куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Сўровлар мамлакат ҳукмдори, ҳукмрон Ягона социалистик партия остида учинчи олти йиллик муддатга даъвогарлик қилаётган Николас Мадуронинг мағлубиятини башорат қилмоқда. Унинг даврида бир пайтлар Жанубий Америкадаги энг йирик нефт қазиб олувчи мамлакат бўлган Венесуэла иқтисодиёти гиперинфляцияга тушиб қолди ва етти миллионга яқин одам, яъни ҳар тўрт фуқародан бири мамлакатни тарк этди. Мадуро режими зўравон репрессиялар орқали мухолифат ва фуқаролик жамиятини бостиради. 

Сўровларга кўра, Мадуро сайловда атиги 30 фоиз овозга ишониши, унинг рақиби, мухолифатдаги «Бирлашган демократик платформа» алянсидан номзод Эдмундо Гонсалес Уррутиа эса 50-70 фоиз овоз олиши мумкин. Бироқ Мадуро, агар у мағлуб бўлса, мамлакатда «қон тўкилиши» бошланиши билан таҳдид қилган, дея хабар беради AFP. Уррутия ўз тарафдорларини «нафрат хабари»дан қўрқмасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу сайловлар «шубҳасиз, сўнгги йилларда халқ кучларининг энг муҳим демократик ифодаси бўлади». 

Мухолифат Мадурони келишувларни бузганликда айбламоқда 

Vente Venezuela мухолифат ҳаракати етакчиси Мария Корина Мачадо Мадурони мухолифат билан Барбадос келишувларини бузганликда айблади. Битимлар 2023 йилда тузилган ва халқаро кузатувчилар иштирокида эркин ва ошкора сайловларни ўтказишни назарда тутган. Келишувлар натижасида АҚШ Венесуэлага қарши санкцияларнинг бир қисмини вақтинча бекор қилди. 

Мачадо 2023 йил октябр ойида Венесуэла мухолифатининг праймеризларида катта фарқ билан ғалаба қозонди. Бироқ январ ойида Венесуэла Олий суди унга 15 йилга давлат лавозимларида ишлашни тақиқлаган эди. Мадуро томонидан тайинланган судялар Мачадони коррупцияда айблади, сиёсатчининг ўзи эса буни қатъиян рад этади. Ўшанда профессор Корина Йорис Vente Venezuela’дан номзод сифатида кўрсатилди, аммо расмийлар уни рўйхатга олишдан бош тортдилар. Шундан сўнг Мачадо Уррутияни қўллаб-қувватлади. 

Венесуэлада мамлакатнинг 21 миллиондан ортиқ фуқароси овоз бериш ҳуқуқига эга. Кузатувчиларга кўра, сайловда 17 миллионга яқин киши иштирок этган. Яна 69 минг венесуэлалик хорижда овоз берди. Сайлов куни хавфсизликни 380 минг ҳарбий хизматчи таъминлади, дейди расмийлар. 

Венесуэла мухолифати аввалги сайловларни бойкот қилган, шундан сўнг Мадуро ғалаба қозонган эди. 

Мадуронинг истеъфосини талаб қилган намойишлар 

2019 йил январ ойида ўша пайтда Венесуэла Миллий ассамблеяси (парламенти) раиси бўлиб ишлаган Хуан Гуайдо қасамёд қабул қилиб, ўзини мамлакатнинг муваққат президенти деб эълон қилди. Мадуронинг истеъфосини талаб қилиб, мамлакат кўчаларига чиққан ўн минглаб одамлар уни қўллаб-қувватлади. Германия, АҚШ ва 50 дан ортиқ бошқа давлатлар Гуайдони Жанубий Америка давлатининг муваққат президенти сифатида тан олди. Россия Мадуронинг қонунийлиги тўғрисида маълум қилди.

2022 йил охирида Венесуэла парламенти Гуайдо ҳукуматини тарқатиб юбориш учун овоз берди. 2023 йил апрелида сиёсатчи Мадуро ҳукумати томонидан таъқиб қилиниш таҳдиди туфайли АҚШга кетишини эълон қилди. Июн ойида Гуайдо ва Мадуро ўртасида мамлакатдаги вазиятни тартибга солиш бўйича музокаралар қайта бошланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид