Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Венесуэладаги сайловлар: расмийлар ва мухолифат ким ғалаба қозонгани ҳақида баҳслашмоқда
Венесуэла сайлов комиссияси Мадуро учинчи муддатга сайланганини эълон қилди. АҚШ давлат котиби эълон қилинган натижалар халқ иродасини акс эттирмаслигидан хавотир билдирди. Мухолифат ўз номзодининг ғалабасини эълон қилди.
Венесуэла сайлов комиссияси мамлакат ҳукмдори Николас Мадурони президентлик сайловларида ғолиб деб эълон қилди. 29 июл, душанбага ўтар кечаси Каракасда бюллетенларнинг 80 фоизи қайта ишлангандан сўнг Мадуро 51,2 фоиз, мухолифат етакчиси Эдмундо Гонсалес Уррутиа 44,2 фоиз овоз тўплади. Сайлов комиссияси раҳбари Элвис Аморосонинг айтишича, бу натижа «аниқ ва ортга қайтариб бўлмайдиган». Унга кўра, сайловда иштирок этганлар улуши 59 фоизни ташкил этган.
Айни пайтда, мухолифат президентлик сайловларида ғалаба қозонганини эълон қилди. Мадуронинг рақиби Эдмундо Гонсалес 70 фоиз овоз олди, деди Vente Venezuela мухолифат ҳаракати етакчиси Мария Корина Мачадо. Унинг таъкидлашича, Гонсалесни сайловчилар кенг қўллаб-қувватлагани аниқ, буни кўплаб сайловолди сўровлари ва овозларни санаб чиқиш ҳолатлари тасдиқлайди.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, Венесуэладаги сайловлар билан боғлиқ «муҳим муаммолар ва жиддий хавотирлар» мавжуд. «Биз эълон қилинган натижалар Венесуэла халқининг иродаси ва овозини акс эттирмаслигидан жиддий хавотирдамиз», деди у Токиода. Аввалроқ у Венесуэла ҳукуматини овозларни «адолатли ва ошкора» санашга чақирган ҳамда халқаро ҳамжамият «буни диққат билан кузатаётгани ва шунга мувофиқ жавоб беришини» таъкидлаган.
Сўровлар Мадуронинг мағлубиятини башорат қилган
Сайловолди сўровлари Венесуэланинг 61 ёшли ҳукмдори, ҳукмрон Ягона социалистик партия остида учинчи олти йиллик муддатга сайланмоқчи бўлган Николас Мадуро мағлубиятга учрашини кўрсатди. Унинг даврида бир пайтлар Жанубий Америкадаги энг йирик нефт қазиб олувчи мамлакат бўлган Венесуэла иқтисодиёти гиперинфляцияга тушиб қолди ва етти миллионга яқин одам, яъни ҳар тўрт фуқародан бири мамлакатни тарк этди. Мадуро режими зўравон репрессиялар орқали мухолифат ва фуқаролик жамиятини бостиради.
Сўровларга кўра, Мадуро сайловда атиги 30 фоиз овозга ишониши, унинг рақиби, мухолифатдаги «Бирлашган демократик платформа» алянсидан номзод Эдмундо Гонсалес Уррутиа эса 50-70 фоиз овоз олиши мумкин. Бироқ Мадуро, агар у мағлуб бўлса, мамлакатда «қон тўкилиши» бошланиши билан таҳдид қилган, дея хабар беради AFP. Уррутия ўз тарафдорларини «нафрат хабари»дан қўрқмасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, бу сайловлар «шубҳасиз, сўнгги йилларда халқ кучларининг энг муҳим демократик ифодаси бўлади». Vente Venezuela мухолифат ҳаракати етакчиси Мария Корина Мачадо Мадурони мухолифат билан Барбадос келишувларини бузганликда айблади. Битимлар 2023 йилда тузилган ва халқаро кузатувчилар иштирокида эркин ва ошкора сайловларни ўтказишни назарда тутган. Келишувлар натижасида АҚШ Венесуэлага қарши санкцияларнинг бир қисмини вақтинча бекор қилди.
Мачадо 2023 йил октябр ойида Венесуэла мухолифатининг праймеризларида катта фарқ билан ғалаба қозонди. Бироқ январ ойида Венесуэла Олий суди унга 15 йилга давлат лавозимларида ишлашни тақиқлаган эди. Мадуро томонидан тайинланган судялар Мачадони коррупцияда айблади, сиёсатчининг ўзи эса буни қатъиян рад этади. Ўшанда профессор Корина Йорис Vente Venezuela’дан номзод сифатида кўрсатилди, аммо расмийлар уни рўйхатга олишдан бош тортдилар. Шундан сўнг Мачадо Уррутияни қўллаб-қувватлади.
Мадуронинг истеъфоси талаб қилинган намойишлар
Венесуэла мухолифати 2018 йилдаги аввалги сайловларни бойкот қилган, шундан сўнг Мадуро ғалаба қозонган эди. 2019 йил январ ойида ўша пайтда Венесуэла Миллий ассамблеяси (парламенти) раиси бўлиб ишлаган Хуан Гуайдо қасамёд қабул қилиб, ўзини мамлакатнинг муваққат президенти деб эълон қилди. Мадуронинг истеъфосини талаб қилиб, мамлакат кўчаларига чиққан ўн минглаб одамлар уни қўллаб-қувватлади. Германия, АҚШ ва 50 дан ортиқ бошқа давлатлар Гуайдони Жанубий Америка давлатининг муваққат президенти сифатида тан олди. Россия Мадуронинг қонунийлиги тўғрисида маълум қилди.
2022 йил охирида Венесуэла парламенти Гуайдо ҳукуматини тарқатиб юбориш учун овоз берди. 2023 йил апрелида сиёсатчи Мадуро ҳукумати томонидан таъқиб қилиниш таҳдиди туфайли АҚШга кетишини эълон қилди.
Мавзуга оид
14:07 / 14.06.2026
Трамп Венесуэладаги наркокартел раҳбари ўлдирилганини эълон қилди
10:45 / 13.06.2026
Арманистонда сайлов овозлари қайта саналди
09:00 / 08.06.2026
Арманистондаги сайловларда Пашинян партияси етакчилик қилмоқда
21:43 / 07.06.2026