Жаҳон | 08:14 / 30.07.2024
3853
4 дақиқада ўқилади

«Коммерсант»: Юандаги трансчегаравий тўловлар Россияга қайтариб юборилмоқда

Хитойдан товарларга тўловдаги қийинчиликлар фонида россиялик мижозлар воситачилар хизматига мурожаат қилишга ва транзакция учун қўшимча комиссия тўлашга мажбур, деб ёзади «Коммерсант».

Фото: China Photos / Getty Images

Хитойга юанда амалга оширилган трансчегаравий тўловларнинг қарийб 80 фоизи Россия Федерациясига қайтариляпти. Тўғридан тўғри пул ўтказмалари билан боғлиқ қийинчиликлар туфайли мижозлар воситачилар хизматларига мурожаат қилишга ва операциялар учун қўшимча комиссия тўлашга мажбур. Бу ҳақда 29 июл, душанба куни «Коммерсант» газетаси манбаларга таяниб ёзди. «Трансчегаравий ҳисоб-китоблардаги хавфлар энди бозор иштирокчилари томонидан энг кескинларидан бири сифатида эътироф этилмоқда», — дейилади нашрда.

Ҳозирда «Хитой томони тобора кўпроқ талаб қўймоқда, хусусан, кўпроқ ҳужжатлар талаб қилмоқда», деди суҳбатдошлардан бири нашрга. Унинг қўшимча қилишича, трансчегаравий тўловлар билан боғлиқ биринчи муаммолар 2023 йил декабрида, АҚШ президенти Жо Байденнинг иккиламчи санкциялар тўғрисидаги фармонидан сўнг юзага келган ва вазиятнинг яна бир кескинлашиши 12 июнда янги санкциялар пакети қабул қилинганидан кейин содир бўлган.

Трансчегаравий тўловлар билан боғлиқ қийинчиликлар

Журналистлар билан суҳбатлашган молия бозори мутахассисларининг кузатишларига кўра, Хитойдан етказиб берилган товарлар учун тўловни амалга оширишга уринаётганда, «пул шунчаки 30-40 кун давомида вакиллик ҳисобварақларида осилиб қолади ва қайтарилади». Натижада, кўплаб рус мижозлари «бир ёки иккита эмас, балки беш ёки олтита банкда ҳисобрақамларини очишади ва шу билан Хитойда буюртма қилинган товарлар учун ўз вақтида тўловларга эришадилар».

Тўловни амалга оширишни таъминлашнинг яна бир усули - бу воситачилар ёрдамида: тўлов агентлари ёки «савдо уйлари» орқали. Нашрга кўра, улар нафақат тўловлар бўйича, балки товарлар ҳаракатида ҳам воситачи бўлган юридик шахслардир.

Баъзида харидор Хитойдан аввал нейтрал юрисдикцияга, кейин эса Россияга товарларни импорт қилиши керак, деб хабар беради нашрга манбалар.

Россиядан Европа ва АҚШга юандаги пул ўтказмалари тақиқланиши

Рус тилидаги ОАВ эслатганидек, 2023 йил ёзида Россия Федерациясининг молиявий ташкилотларига Европа ва АҚШга юанда ўтказмаларни амалга ошириш тақиқланган эди, 2024 йил февралида эса Zhejiang Chouzhou Commercial Bank Россия билан барча тўловларни тўхтатди.

Апрел ойида Reuters АҚШ томонидан Украинадаги уруш муносабати билан Россия давлати ва бир қатор рус компанияларига нисбатан жорий қилинган санкциялар туфайли кўплаб Хитой банклари Россия Федерациясига маҳсулот экспорт қилувчи Хитой компаниялари билан ҳамкорликдан қўрқишаётганини ёзган эди. Бундан айниқса Хитойнинг экспорт билан шуғулланувчи кичик корхоналари катта зарар кўрмоқда, дейилади нашрда. 

Хитой компаниялари Россия бозорини тарк этмоқда 

«Хитойнинг йирик банклари Россия билан боғлиқ операцияларни молиялаштиришдан воз кечар экан, баъзи Хитой компаниялари чегарадаги кичикроқ банкларга ва пул брокерлари, ҳатто тақиқланган криптовалюта каби молиялаштириш каналларига мурожаат қилмоқдалар», - дея ўз манбаларидан иқтибос келтирган Reuters агентлиги. 

Хитой банкларига Россиядан тўловларни АҚШ санкцияларини бузиши ёки бузмаслигини текшириш учун бир неча ой керак бўлади, дея шикоят қилди агентликка корхоналардан бирининг эгаси. Бундай шароитда Хитойнинг баъзи компаниялари Россия бозорини бутунлай тарк этишди.

Мавзуга оид