Жаҳон | 08:57 / 30.07.2024
3488
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла сайловдан кейин 7 мамлакатдан дипломатларини чақириб оляпти

Венесуэла Лотин Америкасида сайлов натижаларини тан олмаган етти давлатдан дипломатларини чақириб олади. Мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланди ва камида бир киши ҳалок бўлди.

Фото: Pedro Rances Mattey/Anadolu/picture alliance

Венесуэла президентлик сайловлари натижаларига рози бўлмагани учун Лотин Америкасининг етти давлатидан дипломатларини чақириб олади. Венесуэла Ташқи ишлар вазирлиги 29 июл, душанба куни Аргентина, Чили, Коста-Рика, Перу, Панама, Уругвай ва Доминикан Республикаси ҳукуматларининг «интервенцион ҳаракатлари ва баёнотларини» рад этди ва шу билан уларнинг «аралашувига» қарши норозилик билдирди.

Аввалроқ бу мамлакатлар Венесуэладаги сайлов натижаларини тўлиқ кўриб чиқишни талаб қилган, унда республиканинг амалдаги ҳукмдори Николас Мадуро ғолиб деб эълон қилинган эди. Венесуэла Марказий сайлов комиссиясига кўра, Мадуро 51 фоиздан сал кўпроқ, мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес эса 44 фоиз овоз олган. Мухолифат эълон қилинган натижаларни сохта деб атади ва уларни тан олишдан бош тортди. Мухолифат келтирган мустақил экзитполлар натижаларига кўра, Гонсалес 73 фоиз овоз олган. 

Мухолифатчи Гонсалес: Бизда ғалаба исботи бор

«Бизнинг қўлимизда тарихий, сўзсиз ва математик жиҳатдан қайтариб бўлмайдиган ғалабамиздан далолат берувчи протокол бор», деди 29 июл оқшомида мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес. У, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга «шундай танқидий дақиқаларда бирдамлик ва ёрдам учун» миннатдорчилик билдирди. 

Қатъий норозиликлар: бир киши ҳалок бўлди

Расмий сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин пойтахт Каракас ва Венесуэланинг бошқа шаҳарларида оммавий норозилик намойишлари бошланди. Намойишлар полиция ва намойишчилар шиддатли тўқнашувлари билан кечмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий ОАВ Каракасдаги намойишчилар фуқаролик кийимидаги бир гуруҳ одамлар томонидан ўққа тутилганини хабар қилди. Отишма содир этганлар Мадуро ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳарбийлаштирилган гуруҳлар - «Колективос» аъзолари бўлиши мумкин, деб таъкидлайди dpa агентлиги. 

«Яраcуйда камида бир киши ҳалок бўлди», - деди Foro Penal инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Алфредо Ромеро.

Мавзуга оид