Жаҳон | 07:31 / 31.07.2024
4564
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага F-16 қирувчилари учун ракеталарни топширади

Украина F-16 қирувчи самолётларини жиҳозлаш учун АҚШдан ракеталар ва бошқа «замонавий қуроллар» олади, деб ёзади The Wall Street Journal.

Фото: Jared C. Tilton / Getty Images

Қўшма Штатлар Украинага юборилган F-16 қирувчи самолётларини ракеталар ва бошқа замонавий қуроллар билан жиҳозлашга рози бўлди. Бу ҳақда 30 июл, сешанба куни The Wall Street Journal манбаларга таяниб хабар берди. Шу пайтгача Украина учун қирувчи самолётларга жанговар техника масаласи ҳал этилмаган, дея қайд этади WSJ. 

Оқ уй Киевга AIM-120C-8 AMRAAM ва AIM-9X «ҳаво-ҳаво» ракеталари, шунингдек, AGM-88 HARM «ҳаво-ер» типидаги радарларга қарши ракеталарни тақдим этади. WSJ хабарига кўра, Украина F-16 учун бошқа «замонавий қуроллар» ҳам олади. Етказиб бериш қачон бошланиши аниқлаштирилмаган. 

Украиналик учувчиларнинг биринчи гуруҳи F-16’ни бошқаришни ўрганди 

Май ойининг охирида ҳарбий хизматчиларнинг биринчи гуруҳи Аризонадаги АҚШ ҳарбий базасида F-16 қирувчи самолётларини бошқариш бўйича ўқув машғулотларини якунлади. 

Июл ойида Нидерландия ва Дания ҳукуматлари АҚШ кўмагида ҳарбий самолётларни Украинага ўтказиш жараёнини бошлади. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен таъкидлаганидек, F-16 самолётлари «бу ёзда Украина осмонида учади». 

WP: Украинада F-16 қирувчилари Россия билан урушдаги вазиятни ўзгартирмайди 

Украинага узоқ кутилган F-16 қирувчи самолётлари бир неча ҳафта ичида етиб бориши керак, бироқ улар Россия билан урушни ўзгартириши даргумон. Бу ҳақда 28 июл куни Украина ва Ғарб расмийларига таяниб The Washington Post газетаси ёзди. Уларга кўра, Украина армиясида «жуда кам» самолётлар бўлади, Россияда эса F-16 самолётларини уриб тушира оладиган «жуда кўп» ҳаво мудофаа тизимлари мавжуд. 

Тахминларга кўра, қирувчилар Украина ҳаво мудофаасини кучайтиради, аммо рус қўшинлари концентрацияси ва фронтдаги ҳарбий объектларга зарбаларда ёрдам бермайди. WP манбаларига кўра, дастлаб F-16 самолётлари олдинги чизиққа учмайди, демак, Украина ўз чегарасини кесиб ўтаётган рус самолётларини тўхтата олмайди, F-16 самолётларидан фойдаланган ҳолда Россия ҳудудига зарбалар ҳам камроқ бўлади. Шу билан бирга, Украина расмийлари фикрича, Америка қирувчиларининг потенциал таҳдиди Россия самолётларининг Украинага бошқариладиган ҳаво бомбаларини ташлашига тўсқинлик қилиши мумкин. 

Отабек Матназаров
Муаллиф Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид