Жаҳон | 13:27 / 02.08.2024
4297
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Венесуэладаги президентлик сайловларида мухолифат ғалаба қозонганини эълон қилди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Венесуэла Миллий сайлов кенгаши эълон қилган сайлов натижаларини «тўлақонли эмас» деб атади. 

Фото: AP

Венесуэлада президентлик сайловларида мухолифатдаги «Бирлашган демократик платформа» (PUD) коалициясидан номзод Эдмундо Гонсалес Уррутиа катта фарқ билан ғалаба қозонди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди

«Барча далилларни ҳисобга олган ҳолда, Қўшма Штатлар ва, шубҳасиз, Венесуэла халқининг кўпчилиги Гонсалесни 28 июлдаги президентлик сайловларидаги сўзсиз ғолиб деб ҳисоблайди», - деди Америка дипломатияси раҳбари баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, «Мадуро ва унинг вакиллари мухолифат етакчиларини, жумладан Гонсалесни ҳибсга олиш билан таҳдид қилишлари демократияга зид бўлган ҳокимиятни сақлаб қолишга уринишдир».

Блинкен Гонсалесни «муваффақиятли кампания» билан табриклаганини айтди. Давлат котибининг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар «Венесуэлада демократик нормаларни тиклаш жараёнини» қўллаб-қувватлайди.

Дипломат Венесуэла Миллий сайлов кенгаши эълон қилган сайлов натижаларини «тўлақонли эмас» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Кенгаш маълумотлар ёки овозларни ҳисоблаш жадвалларини эълон қилмаган.

28 июл куни Венесуэлада президентлик сайловлари бўлиб ўтди.

Венесуэла Миллий сайлов кенгаши амалдаги давлат раҳбари Николас Мадуро 51,2 фоиз овоз билан учинчи олти йиллик муддатга қайта сайланганини маълум қилди. 

Мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилганини даъво қилмоқда.

Сайлов натижаларига қарши намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда 17 киши, жумладан, ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид