Жаҳон | 22:28 / 04.08.2024
13582
3 дақиқада ўқилади

Ғарб ва Россия ўртасидаги тарихий алмашув. Экспертлар фикри

Август ойи бошида совуқ уруш давридан бери Ғарб ва Россия ўртасида энг йирик маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди. Хўш, алмашилганлар кимлар ва мавжуд сиёсий динамикада қандай ўринга эга? Мавзу юзасидан таҳлилчилар Шуҳрат Расул ва Камолиддин Раббимов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Шусиз ҳам кескин муносабатларда бўлган икки қутбнинг маҳбуслар алмашинувининг мотивлари нимада?

Шуҳрат Расул: Совуқ уруш даврида ҳам иккита муҳим сиёсий алмашувлар бўлган эди. Биринчиси, америкалик учувчи Павлес билан россиялик жосус Абернинг алмашуви. Шунингдек, 1970-йиллар ўрталарида диссидент Владимир Буковский Чилининг коммунистик партияси етакчиларидан бири Луиз Карваланга алмаштирилганди.

Россия тарихида ҳам, совет иттифоқи даврида ҳам бундай гуруҳ-гуруҳ бўлиб алмашув ўтказилмаганди. Бу алмашув бўлишига асосий сабаб – Навалнийнинг фавқулодда Россия қамоқхонасида вафот этгани бўлди, бу орқали Россия бу ишни бостиришни мақсад қилган бўлиши керак. Ва Навалнийнинг сиёсий обрўси билан тенг даражада турадиган шахслар ўртасида сиёсий алмашув бўлиб ўтди.

Камолиддин Раббимов: Навалнийнинг ўлимидан кейин ғарбдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳуқуқ фаолларини Россия қамоқхоналаридан олиб чиқиш зарурлиги ҳақида бонг ура бошлашди. Чунки охирги икки йил ичида Россиядаги сиёсий тузум ўзгарди, энди Россия классик-тоталитар давлатга айланиш учун ҳаракат қилмоқда. Аммо Россия иқтисодиёти бунга йўл қўймайди. Чунки бу ерда хусусий секторнинг улуши юқори.

— Россиядан озод этилганлар қандай айбловлар билан қамалган эди?

Камолиддин Раббимов: Буларнинг аксарияти кейинги 2-3 йил ичида қамалган шахслар ва уларнинг кўпчилиги сиёсатчилар. Россия демократик давлат бўлиши керак, унда демократик партиялар, қонунчилик доимий тарзда ишлаши керак деган ғояларни илгари сурган шахслар аслида. Украина урушига қарши, либерал қарашга эга шахслар.

— Шуҳрат Расул: Бу ерда Лев Яшин Киевдаги Россия армиясининг жиноий ишларини ижтимоий тармоқларга олиб чиққани ва шу тўғрисида мақолалар ёзгани учун қамалган бўлса, қолган маҳбуслар эса Россия армиясини обрўсизлантирди деган айбловлар орқали қамалганди.

Суҳбатни тўлиқ YouTube саҳифамизда томоша қилинг.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди. 

Мавзуга оид