Жаҳон | 09:30 / 05.08.2024
2723
3 дақиқада ўқилади

Ҳамас етакчисининг ўғли: Оккупация ва геноцидга қарамай курашдан воз кечмаймиз

Етакчиларимизга қилинган ҳужумлар бизни тўхтата олмайди, деди Абдусалом Ҳания.

Фото: Anadolu Agency

Фаластинликлар вайронагарчилик ва оккупацияга қарамай, озодлик учун курашдан қайтмайди. Бу ҳақда Теҳронда ўлдирилган Фаластиннинг Ҳамас ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг тўнғич ўғли Абдусалом Ҳания «Анадолу» агентлигига маълум қилди.

«Менинг бу қонхўр сионистик душманга айтмоқчи бўлган гапим шуки, етакчиларимизга бир асрдан ортиқ давом этган ҳужумлар бизни тўхтата олмайди. Сиз Фаластин халқининг юриши ва инқилобини тўхтата олмайсиз», деди Ҳания Доҳада отаси билан видолашув маросимида 

Ўлдирилган Ҳамас етакчиси ўғли Фаластин халқининг ғалабаси яқин эканини айтди. «Халқимизга, Фаластин халқига, Ғазо секторидаги халқимизга ғалаба яқинлигини эълон қиламан. Аллоҳнинг изни билан азоблар барҳам топади. Умид қиламизки, бу маъюс муҳит тарқаб кетади», — деди Абдусалом Ҳания.

Унинг таъкидлашича, отаси билан хайрлашиш жуда қийин, лекин у Фаластин халқининг озодлиги ва ҳуқуқлари учун кураш йўлида вафот этган. «Отамнинг қони Ғазо болалари ва аҳолиси қонидан устунроқ бўлмаганидек, бизнинг кўз ёшларимиз ҳам қурбонлар оилаларининг кўз ёшларидан устун эмас», деб таъкидлади у.

Ҳания Ҳамас Фаластин халқи етакчилари ва оилаларига ғалаба келтиришига ишонтирди.

«Умид қиламанки, менинг хабарим барча ислом ва араб давлатларининг пойтахтларига етиб боради ва бир кун келиб биз бу ғалабани Фаластин халқи, унинг раҳбарлари ва шаҳидлар оилалари билан бирга нишонлаймиз. Бизнинг хабаримиз аниқ: Исроил оккупацияси ва минтақадаги мавжудлиги тугайди, буни нишонлаймиз» деди у ва Фаластин халқи вайронагарчилик, оккупация ҳамда геноцидга қарамай курашдан воз кечмаслигини таъкидлади.

Теҳронда Ҳамас етакчисининг ўлдирилиши

Фаластиннинг Ҳамас ҳаракати сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳания Эрон янги сайланган президенти Масъуд Пизишкиён инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга келганди.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) 31 июл куни эрталаб Эрон пойтахтида Исмоил Ҳания қароргоҳига зарба берилгани ҳақида маълумот тарқатди.

Эрон ва Ҳамас Исроилни қотилликни уюштирганликда айблади. Бироқ Исроил расмийлари воқеага изоҳ беришдан ўзини тийиб турибди.

Исмоил Ҳания 2017 йил 6 май куни Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланган эди. У бу лавозимда Холид Машъал ўрнини эгаллади.

Мавзуга оид