Жаҳон | 14:41 / 05.08.2024
4576
2 дақиқада ўқилади

Маск иккинчи инсонга мия чипи ўрнатилганини маълум қилди

Neuralink орқа мияси шикастланган яна бир беморнинг миясига компютер билан алоқа мосламасини жойлаштирди, деди Илон Маск.

Фото: Sipa USA/ Legion Media

Илон Маскнинг Neuralink компанияси иккинчи кўнгиллининг миясига фалаж бўлган одамларга рақамли қурилмалардан ўз ақли билан фойдаланиш имконини берадиган компютер алоқа мосламасини муваффақиятли жойлаштирди. Гап орқа мияси шикастланган бемор ҳақида кетмоқда, деб хабар берди Reuters 4 август, якшанба куни Маскнинг баёнотига таяниб. 

Ушбу маълумотларга кўра, имплантация қилинган нейрочипдаги 400 та электрод ишламоқда. Neuralink сайтининг хабар беришича, чип 1024 электроддан фойдаланади. 

Имплантация қилинган қурилма эшитиш воситаси каби қулоқ орқасига бириктирилган қабул қилувчи капсуладир. Ипга ўхшаш электродлар капсуладан мияга ўтади. Умуман олганда, мияга 1500 тагача электрод жойлаштирилади, уларнинг ҳар бири инсон сочидан тўрт баробар юпқароқдир. Битта 4х4 мм процессор 10 минг электроддан олинган маълумотларни қайта ишлайди. 

Биринчи чип январ ойида имплантация қилинган

2024 йил январ ойи охирида дайвинг пайтидаги бахтсиз ҳодиса туфайли елкасидан пасти шол бўлиб қолган одамга мия чипи ўрнатилди. У видео ўйинлар ва шахмат ўйнаши, ўз фикрлари билан ҳаракатлар қилиши, интернетдан фойдаланиши, ижтимоий тармоқларда постлар чоп этиши мумкин эди.

Операциядан бир ой ўтгач, ишлаб чиқувчилар қурилмадаги носозликларни пайқашди. The Wall Street Journal (WSJ) маълумотларига кўра, чипнинг ипга ўхшаш электродлари аксарияти силжиган ва сигналларни ўқишни тўхтатган. Шундан сўнг Neuralink муаммо такрорланмаслиги учун чипни иккинчи кўнгиллининг миясига чуқурроқ жойлаштириш ниятида эканлигини маълум қилди. Май ойида компания АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идорасидан чипни иккинчи кўнгиллига имплантация қилиш учун рухсат олди. 

2024 йил охиригача Neuralink қурилмаларни 10 нафар кўнгиллига имплантация қилишни, шунингдек, Канада ва Британияда ўз чиплари билан синовлар ўтказиш учун ариза топширишни кутмоқда, деб ёзади WSJ.

Мавзуга оид