Жаҳон | 09:55 / 05.08.2024
4844
4 дақиқада ўқилади

ЕИ Мадуронинг Венесуэла президенти этиб қайта сайланганини тан олмайди

Европа кенгаши мустақил экспертлар фикрига асосланиб, мухолифат номзоди Гонсалесни Венесуэладаги президентлик сайловларида ғолиб деб ҳисоблайди.

Фото: Leonardo Fernandez Viloria / Reuters

Венесуэладаги президентлик сайловларида мамлакат Миллий сайлов кенгаши (CNE) томонидан эълон қилинган овозларни санаб чиқишнинг расмий натижаларини ишончли деб эътироф этиб бўлмайди – Европа Иттифоқининг позицияси шундай. ЕИ ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррел номидан тегишли баёнот 4 август, якшанба куни Европа кенгаши сайтида эълон қилинди.

Баёнотда қайд этилишича, халқаро кузатувчилар Венесуэлада овоз беришни халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этишдаги номувофиқликларни «аниқ таъкидлаган», Венесуэла сайлов комиссияси эса ҳалигача сайлов участкаларидан Николас Мадуронинг сайловлардаги ғалабасини тасдиқловчи баённомаларни эълон қилмаган. Шу билан бирга, CNE аллақачон мамлакат ҳукмдорини қайта сайланган раҳбар сифатида тан олди. 

«Мухолифат томонидан чоп этилган ва бир қанча мустақил ташкилотлар томонидан кўриб чиқилган сайлов натижаларига кўра, Эдмундо Гонсалес Уррутиа президентлик сайловларида сезиларли фарқ билан ғолиб чиққан», деди Боррел. 

Қўшма Штатлар аввалроқ Гонсалесни «катта фарқ» билан сайловда ғолиб деб эълон қилган эди. Давлат котиби Энтони Блинкен Венесуэла ҳукуматини «Венесуэла сайлов қонунлари ва Венесуэла халқининг хоҳиш-истакларига мувофиқ ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказиш бўйича мунозараларни бошлашга» чақирди. 

Европа Иттифоқи халқаро миқёсда тан олинган орган томонидан сайлов протоколларини мустақил равишда кўриб чиқишга чақирди, баъзи алоҳида давлатлар CNE ҳеч бўлмаганда овоз бериш натижаларини тасдиқловчи далилларни тақдим этишини талаб қилмоқда. Брюссел Мадуронинг иккинчи муддатга қонунийлигини тан олмади – мамлакатдаги аввалги сайловлар ҳам худди шундай сценарий бўйича ўтган, шундан сўнг Мадуро режими мухолифатни таъқиб қила бошлаган ва мамлакатда узоқ давом этган сиёсий инқироз бошланган. 

Мадуро учинчи бор сайловда ғалаба қозонганини даъво қилмоқда

Венесуэлада президентлик сайловлари 28 июл куни бўлиб ўтди. Мамлакат ҳукумати назоратидаги сайлов комиссиясининг маълум қилишича, аввалроқ мамлакатга икки муддат президентлик қилган Мадурони сайловчилар 51,2 фоизи қўллаб-қувватлаган. Бироқ халқаро кузатувчиларга сайловда иштирок этишига рухсат берилмаган.

Мухолифатга кўра, овозлар адолатли саналганда Гонсалес тахминан 67 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозониши керак эди. Мадуронинг рақиблари Венесуэла бўйлаб тўғридан тўғри сайлов участкаларидан олинган бюллетенларнинг 80 фоиздан ортиғини эълон қилди. Сайловдан олдинги сўровлар ҳам Мадуронинг мағлубиятини башорат этган эди. 

Венесуэла ҳукмдори намойишлар туфайли мухолифат етакчиларига қамоқ билан таҳдид қилмоқда

Венесуэлада президентлик сайловларидан кейин сохталаштиришга қарши намойишлар бошланди. 3 август ҳолатига кўра, намойишлар чоғида 2000 киши қўлга олинган, деди Мадуро.

Венесуэла ҳукмдори ўз тарафдорлари билан суҳбатда ушланганларни қаттиқ тартибли қамоқхоналарга жўнатишга ваъда берди. Мадуро, шунингдек, мухолифат етакчиларини террорчиликда айблаб, қамоқ жазолари билан таҳдид қилган. Улардан бири Мария Корина Мачадо аввалроқ Каракасдаги митингда сўзга чиқиб, фуқароларни намойишларни давом эттиришга чақирган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид