Жаҳон | 21:27 / 06.08.2024
2744
2 дақиқада ўқилади

Россия Молдова элчихонаси ходимини «персона нон грата» деб эълон қилди

Россия Молдова элчихонаси ходимини «персона нон грата» деб эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Фото: ТАСС

Молдованинг муваққат ишлар вакили Александр Кетрару Россия ташқи сиёсий идорасига чақирилган ва унга тегишли нота топширилган.

1 август куни Молдова Россия элчихонаси ходими, ҳарбий атташе ёрдамчисини «персона нон грата» дея эълон қилганди. Республика ТИВнинг маълум қилишича, ушбу қарор дипломат томонидан мамлакат ҳудудида дипломатик статусга тўғри келмайдиган ишлар амалга оширилгани тўғрисида маълумот ва исботлар олингач қабул қилинган.

Россиянинг Молдовадаги элчиси Олег Васнецов Кишинёв ушбу вазиятда мамлакатлар ўртасидаги «икки томонлама муносабатларни бузишни» истаётганини айтган.

Россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича қарор қабул қилинишидан бироз олдин Молдовада парламент котибияти ходими ва чегара полицияси ходими қўлга олинган эди. Коррупцияга қарши кураш ва махсус ишлар прокуратураси (PCCOCS) ушлашлар жиноий тергов доирасида 30 июль куни кечқурун амалга оширилганини маълум қилган. 31 июль куни эрталаб PCCOCS ҳамда Ахборот ва хавфсизлик хизмати ходимлари парламентнинг юридик бўлимида тинтув ўтказган.

Департамент маълумотларига кўра, парламент ходими «2023 йилдан бошлаб» «Молдова Республикаси манфаатларига қарши ишлатилиши мумкин бўлган маълумотларни тўплаган ва элчихона ходимига бергани» учун давлатга хиёнатда гумон қилинмоқда.

Мавзуга оид