Жаҳон | 22:41 / 07.08.2024
4805
2 дақиқада ўқилади

Афғонистондан юк ташиш учун Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма темирйўл корхонаси ташкил этилади

Ушбу лойиҳа ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажмини ошириши, бундан ташқари, трансафғон йўналишини ривожлантиришда иштирок этиши таъкидланмоқда.

Қозоғистон-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши йиғилишида Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Қуантиров қардош мамлакатлар ўртасидаги транспорт-логистика ҳамкорлигининг устувор йўналишларини айтиб ўтди.

«Қозоғистоннинг 2030 йилгача транспорт-логистика салоҳиятини ошириш концепциясида 5 та трансчегаравий марказ ташкил этиш кўзда тутилган. Бу марказлар сармояни жалб этишнинг асосига айланади ва қўшни давлатларга нохомашё экспортини 35 фоизга ошириш имконини беради. Биз минтақада транспорт логистикаси салоҳиятини ошириш, транспорт йўлакларини модернизация қилиш ва янги йўналишларни очишдан манфаатдормиз. «Беларус-Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон» халқаро транспорт йўлагини ташкил этиш бўйича меморандум имзолаганимиз бунинг далилидир. Ушбу йўлак Европа Иттифоқи ва Россияни Марказий Осиё давлатлари билан боғловчи Марказий Осиё йўлаги орқали ўтиши режалаштирилган. Дарбаза-Мақтаарал темирйўл линияси қурилиши лойиҳасининг ишга туширилишини ҳисобга олсак, унинг Қозоғистондаги қисми Марказий Осиё коридори эҳтиёжларини қондира олади», деди у.

Шунингдек, Афғонистондан юк ташиш учун Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма темирйўл корхонаси ташкил этилиши сабабларига тўхталди.

«Айтиш керакки, Қозоғистон ва Ўзбекистон темирйўл маъмуриятлари ўртасида қўшма корхона ташкил этиш лойиҳаси икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Ушбу лойиҳа ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажмини оширади. Бундан ташқари, ушбу қўшма корхона трансафғон йўналишини ривожлантиришда иштирок этади. Бу икки давлат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади», деди Алибек Қуантиров.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид