Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қайси давлатларда юқори тезликдаги темирйўллар энг ривожланган?
Дунё мамлакатлари орасида юқори тезликдаги темирйўл тармоқлари узунлиги бўйича Хитой мутлақ етакчиликни сақлаб турибди. Мамлакатдаги тезюрар магистраллар узунлиги 40 минг километрдан ошиб, қолган барча давлатларнинг шунга ўхшаш тармоқлари умумий узунлигидан ҳам кўпроқни ташкил этмоқда.
Сўнгги йигирма йил ичида юқори тезликдаги темирйўллар кўплаб давлатлар учун стратегик инфратузилманинг муҳим қисмига айланди. Айрим мамлакатлар уларни ички авиақатновларга муқобил сифатида ривожлантирган бўлса, бошқалари иқтисодий марказлар ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида сармоя киритган.
Халқаро темирйўллар иттифоқи маълумотларига асосланган рейтингга кўра, юқори тезликдаги темирйўллар қаторига соатига камида 200 километр тезликда ҳаракатлана оладиган йўловчи поездлари қатнови учун мўлжалланган линиялар киритилади. Бу тоифага Япониянинг машҳур «Синкансэн» поездлари ҳам мансуб.
Рейтингнинг мутлақ етакчиси Хитой бўлиб, мамлакатдаги юқори тезликдаги темирйўллар тармоғи 40 493 километрга етган. Бу кўрсаткич иккинчи ўриндаги Испания натижасидан ўн баравардан ҳам кўпроқдир.
Хитойда мазкур соҳанинг жадал ривожланиши 2000-йилларнинг охирларида бошланган. Шундан бери мамлакатнинг деярли барча йирик шаҳарлари ягона тезюрар темирйўл тизими орқали ўзаро боғланган. Бугунги кунда магистраллар Гуанчжоу, Шанхай ва Уҳан каби мегаполисларни қамраб олган. Тармоқ Хитойнинг барча провинцияларига, шунингдек Ҳонгконггача етиб борган. Фақат Макао ҳали мазкур тизимга уланмаган.

Европада эса энг катта юқори тезликдаги темирйўл тармоғи Испанияга тегишли. Мамлакатда қарийб 4 минг километрлик тезюрар магистраллар фаолият юритади. Хусусан, 2008 йилда ишга туширилган Мадрид–Барселона йўналиши ҳаво қатновларига бўлган эҳтиёжни камайтириб, атмосферага чиқариладиган карбон гази ҳажмини қисқартиришга хизмат қилган.
Бироқ Испания модели муайян хусусиятларга ҳам эга. Мамлакатдаги темирйўл тармоқларининг катта қисми Мадрид атрофида шаклланган бўлиб, бу баъзи ҳолларда минтақалар ўртасидаги тўғридан-тўғри сафарларни мураккаблаштиради.
Таҳлилчиларнинг қайд этишича, юқори тезликдаги темирйўл инфратузилмаси асосан Европа ва Осиёда жамланган. Дунёдаги энг йирик ўнта тезюрар темирйўл тармоғининг саккизтаси айнан шу икки қитъада жойлашган.
Африкада эса молиявий ресурслар етишмаслиги мазкур соҳанинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Қитъада ҳозирча фақат Марокаш 186 километрлик юқори тезликдаги темирйўл тармоғига эга.
Шимолий ва Жанубий Америкада ҳам тезюрар темирйўллар кенг тарқалмаган. Бунинг асосий сабаби транспорт тизимларининг автомобиль йўллари ва шахсий автотранспортга кўпроқ йўналтирилганидир.
АҚШда бугунги кунда атиги 735 километр юқори тезликдаги темирйўл линияси мавжуд. Калифорнияда қурилиши режалаштирилган йирик магистрал каби бир қатор лойиҳалар ҳали тўлиқ амалга оширилмаган.
Мутахассислар фикрича, юқори тезликдаги темирйўллар бозоридаги бугунги манзара жаҳондаги инфратузилма тараққиёти бир хил эмаслигини кўрсатади. Хитой глобал етакчи мақомини мустаҳкамлаётган бўлса, Европа ўз позицияларини сақлаб қолмоқда, Африка ва Америка қитъасидаги кўплаб давлатлар эса бу соҳада ҳали анча ортда қолмоқда.
Мавзуга оид
08:30 / 16.06.2026
Алп тоғларидан денгиз тубигача: дунёдаги 7 энг узун темирйўл туннели
10:50 / 12.06.2026
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида қўшимча темирйўл қурилиши мумкин
14:04 / 11.06.2026
Тошкент–Андижон ва Тошкент–Термиз йўналишларида юқори тезликдаги поездлар қатнови режа қилинмоқда
11:55 / 04.06.2026