Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕТТБ кўмагида темирйўл ҳаракатини бошқариш тизими янгиланади
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) “Ўзбекистон темирйўллари” АЖда рақамли трансформация дастурини амалга ошириш учун 38,4 миллион еврогача маблағ ажратади. Лойиҳа темирйўл ҳаракатини бошқариш тизимларини модернизация қилиш, хавфсизликни кучайтириш ва юк ҳамда йўловчи ташиш самарадорлигини оширишга қаратилган.
ЕТТБ маълумотига кўра, мазкур лойиҳа банкнинг Ўзбекистон давлат секторида рақамлаштиришга қаратилган илк ташаббусларидан бири ҳисобланади. Молиявий кўмак мамлакат миллий темирйўл оператори — “Ўзбекистон темирйўллари”га ҳаракатни бошқариш ва ташиш жараёнларини рақамлаштириш, шунингдек, киберхавфсизлик тизимларини такомиллаштириш имконини беради.
Лойиҳа доирасида диспетчерлик, ҳаракат жадвалини тузиш ва тезкор бошқарув каби ҳозирча қўл меҳнатига асосланган жараёнлар замонавий рақамли технологиялар билан алмаштирилади. Бу эса темирйўл инфратузилмасидан самарали фойдаланиш, операциявий харажатларни қисқартириш ҳамда хизматлар сифатини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, янги киберхавфсизлик тизимлари халқаро стандартлар асосида жорий этилади. Бу темирйўл тармоғининг барқарор ишлаши, маълумотлар хавфсизлиги ва транспорт тизимининг ишончлилигини таъминлашга ёрдам беради.
ЕТТБ таъкидлашича, рақамли трансформация дастури темирйўл соҳасида янги стандартларни шакллантиришга хизмат қилиб, Ўзбекистоннинг муҳим транспорт йўналишларидан бири бўлган Транскаспий халқаро транспорт йўлаги бўйлаб юк ва йўловчи ташувларини янада самарали ташкил этиш имконини яратади.
Маълумот учун, “Ўзбекистон темирйўллари” мамлакат бўйлаб минглаб километр темирйўл тармоғини бошқаради ва республика юк ташувларининг катта қисмини амалга оширади. ЕТТБ эса бугунга қадар Ўзбекистонда 210 та лойиҳага қарийб 6,9 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган бўлиб, мамлакат сўнгги олти йил давомида Марказий Осиёда банк маблағларининг энг йирик қабул қилувчиси бўлиб келмоқда.
Мавзуга оид
17:52 / 18.06.2026
Шавкат Мирзиёев ЕТТБ билан кенг кўламли шерикликнинг устувор йўналишларини белгилади
08:30 / 18.06.2026
Қайси давлатларда юқори тезликдаги темирйўллар энг ривожланган?
08:30 / 16.06.2026
Алп тоғларидан денгиз тубигача: дунёдаги 7 энг узун темирйўл туннели
10:50 / 12.06.2026