Жаҳон | 20:06 / 07.08.2024
3768
2 дақиқада ўқилади

Россияда собиқ ҳарбий хизматчи Қуролли кучларни танқид қилгани учун қамоққа олинди

У 2014 йилда илк жанговар ҳаракатлар бошланганида россиялик сепаратистлар сафида Украина шарқида жанг қилган, аммо кейинроқ ҳарбийларга нисбатан анча кескин фикрлар билдиришни бошлаган.

Фото: Telegram / moscowproc

Москванинг Украинадаги урушда ҳаракатларини танқид қилган россиялик ҳарбий блогер армия ҳақида «фейклар» тарқатгани учун 6,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Москва суд тизими матбуот хизмати хабар берди.

Собиқ ҳарбий хизматчи Андрей Куршин ўзининг Telegram каналида Россияни Кривой Рог шаҳри яқинида яшовчи тинч аҳолининг сувдан фойдаланишини чеклагани ва туғуруқхонани бомбардимон қилгани учун айблаган.

Москва вилояти судига кўра, Куршин «Россия Қуролли кучлари тўғрисида қасддан ёлғон маълумотларни тарқатиш»да айбли деб топилган.

Блогер 2014 йилда илк жанговар ҳаракатлар бошланганида россиялик сепаратистлар сафида Украина шарқида жанг қилган, аммо кейинроқ ҳарбийларга нисбатан анча кескин фикрлар билдиришни бошлаган. Москва 2022 йилнинг февралида Украинага кенг кўламли ҳужумни бошлагач, ҳукумат мамлакат қуролли кучларига нисбатан билдириладиган ҳар қандай танқидни тақиқлаб қўйди. Шундан буён мамлакатда ҳарбийлар ҳақида «фейклар» тарқатгани учун минглаб одамлар қўлга олинди.

Расмийлар, шунингдек, армия ҳақида ёзувчи блогерларни жиловлашга фаол уринмоқда, уларнинг айримлари Москванинг ҳужумига оид нозик ва шармандали маълумотларни эълон қилган. Россиялик миллатчи ва исёнчиларнинг собиқ командири Игор Гиркин жорий йил бошида Кремль ҳамда Россия ҳарбий қўмондонлигини танқид қилгани учун тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди.

Эслатиб ўтамиз, май охирларида Москванинг Твер суди россиялик блогер Иля Варламовга нисбатан Россия армиясини обрўсизлантириш тўғрисидаги баённомани рўйхатдан ўтказган эди. Блогер 2023 йилнинг 23 мартида «чет эл агенти» деб эълон қилинганди. Россия Федерацияси Адлия вазирлигига кўра, бунга у томонидан тарқатилган бошқа «чет эл агентлари», хусусан, «Дожд» телеканали ва «Медиазона» портали бош муҳаррири Сергей Смирновнинг нашрлари сабаб бўлган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид