Иқтисодиёт | 17:31
959
4 дақиқада ўқилади

6 нафар машҳур блогер 3,1 млрд сўм солиқ тўламагани аниқланди

Солиқ қўмитасининг ўрганишларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистондаги ТОП-110 нафар блогер расмий ҳужжатларда жами 2,7 млрд сўмлик даромад топганини акс эттирган ва улар 110 млн сўм солиқ тўлаган. 6 нафар ТОП блогер фаолияти (рекламалари, сторислари) ҳисоблаб чиқилганда эса, давлат бюджетига 3,1 миллиард сўм солиқ тўланмасдан қолгани аниқланган.

Фото: Видеодан кадр

8 июн куни Солиқ қўмитаси блогерлик фаолиятида солиқ маъмуриятчилиги мавзусида онлайн семинар ўтказди. Унда Иқтисодий таҳлил ва яширин иқтисодиёт мониторинги бошқармаси давлат солиқ бош инспектори Камола Аҳмеджонова 2025 йилда блогерлар тўлаган солиқлар ҳақида маълумот берди.

Унинг айтишича, ТОП-110 нафар блогер фаолияти ўрганилганда, 55 нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида, 33 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида, 22 нафари жисмоний шахс сифатида фаолият юритаётгани ойдинлашган. Бу блогерларнинг 2025 йил давомида акс эттирган даромади 2,7 млрд сўмни, тўланган солиқлар 110 млн сўмни ташкил қилган.

“Лекин бизнинг ўрганишларимиз натижасида 6 нафар ТОП блогер фаолияти, рекламалари, сторислари ҳисоблаб чиқилганда, давлат бюджетига 3,1 миллиард сўм солиқ тўланмасдан қолгани аниқланди”, - дейди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, аксар блогерлар ўзини ўзи банд қилган тоифага кирмайди, чунки ўзини ўзи банд қилган шахс ёлланма ишчи қабул қилиб ишлата олмайди. “Сизларнинг кўпчилигингизда администраторларингиз бор, реклама менежерларингиз бор”, - деди Камола Аҳмеджонова.

Блогерлар қанақа солиқ тўлайди?

Семинар давомида Умумбелгиланган солиқ маъмурчилиги бошқармаси давлат солиқ бош инспектори Алишер Отажонов блогерлик фаолияти билан шуғулланадиган шахсларнинг солиқ тўлаш тартиби ҳақида маълумот берди.

“Блогерлик фаолияти билан ўзини ўзи банд қилган шахс шуғулланадиган бўлса, буларнинг олган даромади солиқ агентидан ушлаб қолинади. Мисол учун, ўзини ўзи банд қилган шахс юридик шахсга хизмат кўрсатганда, электрон ҳисоб-фактура орқали даромадини расмийлаштирганда ўша солиққа тортиладиган базасидан 1 фоизни юридик шахс солиқ агенти сифатида ушлаб қолади ва давлат бюджетига ўтказиб беради. Бу ерда ўзини ўзи банд қилган шахс ўша солиқ ҳисоботини шакллантирганда солиқ агенти ушлаб қолган даромадларнинг базаси солиқ ҳисоботида чегирилган ҳолда бўлади”, - деди у.

Алишер Отажоновнинг тушунтиришича, ўзи мустақил равишда ўзини ўзи банд қилган шахс олган даромадлари бўлса, бу солиқ ҳисоботида акс этади. Ўша шакллантирган фактураси ёки касса аппаратдан кирим қилинган суммаси ёки “Пайнет холис” орқали суммалари ҳисоботда акс этади ва “Пайнет холис” орқали олинган даромадлари солиқ ҳисоботида чегирилади.

“Бу даромаднинг суммаларини, солиқларни “Пайнет холис”нинг ўзи солиқ агенти сифатида бюджетга тўлаб беради. Фақат мустақил равишда олган даромадлари солиқ ҳисоботида акс этади. Солиқ ҳисоботларини шакллантириш ўша ташқи манба маълумотларига асосан ҳисоботда автомат шаклланади ва солиқ тўловчи белгиланган муддатларда солиқ ҳисоботини солиқ органларига юбормаса, буни солиқ органлари автоматик равишда, яъни проактив тарзда ҳисоботини шакллантиради ва солиқ тўловчи учун ҳисоботларни юбориб беради”, - деди у.

Отажоновнинг қўшимча қилишича, якка тартибдаги тадбиркор, ўзини ўзи банд қилган шахслар ёки юридик шахс сифатида айланмадан олинадиган солиқ тўловчи сифатида фаолият кўрсатган тадбиркорлар умумбелгиланган солиқ турига ўтгандан кейин бир йил давомида фойда солиқ ҳисоботини топширмайди ёки фойда солиқ ҳисоботи, фойда солиғини тўламаслик ҳуқуқи берилган.

Шунингдек, семинарда обуначилар сони жуда кам бўлган блогерлар қанча солиқ тўлашига оид саволга жавоб берилди. Мутахассисларга кўра, солиқ обуначилар сонига қараб тўланмайди, балки жисмоний шахснинг ёки якка тартибдаги тадбиркор, ўзини ўзи банд қилган шахснинг олган даромадидан келиб чиқиб, 1 фоиз солиққа тортилади.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид