Жаҳон | 20:42 / 09.08.2024
4288
2 дақиқада ўқилади

Хитойда протез тайёрлаш учун крематорийлардан 4 минг мурда ўғирлангани маълум бўлди

Мамлакат полицияси жиноий тўда ишини тергов қилиш жараёнида 75 кишини қўлга олган.

Фото: Getty Images

Хитойда тиббий протезлар тайёрлаш учун крематорий ва тиббиёт лабораторияларидан мурдаларни ўғирлаш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фош этилди. Қўлга олингунга қадар жиноятчилар 4 мингга яқин мурдани ўғирлаб, ушбу ноқонуний бизнес орқали 53 миллион долларга яқин пул ишлашга улгурган, деб ёзади SCMP.

Beijing Brave Lawyers юридик фирмаси юристининг сўзларига кўра, айни вақтда Шенси вилоятининг шимолий пойтахти — Тайюан шаҳри полицияси мурдаларнинг ўғирланишига боғлиқ жиноятни тергов қилмоқда. Мурдалар суякларидан аллоген суяк трансплантатларини тайёрлашда фойдаланилган, ўз навбатида улар тишлар, суяк ва бўғимларни даволашда ишлатилади. Таъкидланишича, Shanxi Aorui Biomaterials компанияси Сичуан ва Шандун вилоятлари, шунингдек, Гуанси-Зҳуанг автоном туманидан мурдалар ва уларнинг қўл-оёқларини ноқонуний сотиб олиб келган.

Тайюан прокуратураси вакиллари ростдан ҳам тергов ишлари олиб борилаётганини маълум қилиб, жиноий гуруҳ «фойда кўриш мақсадида мурдаларни ўғирлаш ва сотиш билан шуғулланганини» тасдиқлаган. Шу билан бирга, идора вазият бўйича батафсил маълумот беришдан бош тортган.

Мавжуд маълумотларга кўра, полиция Shanxi Aorui Biomaterials’да тинтув ўтказганида 18 тоннадан ортиқ суяклар ва 34 мингдан ортиқ яримтайёр ҳамда тайёр маҳсулотларини ашёвий далил сифатида олган. Шунингдек, компания директори Хитойнинг тўртта вилоятидаги крематорийлардан 4 мингдан ортиқ инсон жасадларини ўғирлаганини тан олган. Тергов давомида жами 75 нафар гумонланувчи қўлга олинган.

Ўтган йилнинг январида АҚШдаги Sunset Mesa дафн қилиш бюроси эгалари 46 ёшли Меган Хесс ҳамда унинг 69 ёшли онаси Ширли Кох ўлган инсонлар органларини сотганликда айбланиб, мос равишда 20 ва 15 йил муддатда озодликда этилганди. Тергов версиясига кўра, улар бир неча юз жасадни марҳумларнинг яқинлари розилигисиз сотиб юборган.

Мавзуга оид