Фан-техника | 20:11 / 10.08.2024
1913
2 дақиқада ўқилади

AppStore дўконларидан Rutube иловаси йўқолиб қолди

Ўтган сафар AppStore Rutube иловасини жорий йилнинг июнида ўчириб ташлаган эди. Компаниянинг апелляциясидан кейин орадан ўн кун ўтгач, илова дўконда яна пайдо бўлиб қолган.

Фото: ВКонтакте

Rutube иловаси AppStore дўконларидан йўқолиб қолди, деб хабар бермоқда видеохостинг маъмурияти. Россия компаниясига кўра, бу санкциялар туфайли юзага келган.

«Бизнинг иловамиз AppStore иловалар дўконларидан ўчириб ташланди. Бу Америка компанияси санкциялари оқибатидир, натижада фойдаланувчиларнинг мобил илова орқали хизматларимиздан фойдаланиши қийинлашди», — дейилади Rutube хабарида.

Компаниядагиларнинг маълум қилишича, Rutube «AppStore’да энг кўп юкланадиган иловалар рейтингида биринчи ўринда бўлган». Хостинг вакилларининг қўшимча қилишича, улар илованинг дўконга қайтарилишига ҳаракат қилади. Google Play иловалар дўконида эса ҳозирча Rutube турибди.

Ўтган сафар AppStore Rutube иловасини жорий йилнинг июнида ўчириб ташлаган эди. Компаниянинг апелляциясидан кейин орадан ўн кун ўтгач, илова дўконда яна пайдо бўлиб қолган.

Июл ойи ўрталарида «Ростелеком» оператор тармоқ инфратузилмасида фойдаланиладиган Google ускунаси ишлашидаги техник носозликлар туфайли Россиядаги фойдаланувчилар учун YouTube'даги эҳтимолий узилишлар ҳақида огоҳлантирган эди. Россия Давлат думаси депутати Александр Хинштейн 25 июл куни Россия расмийлари яқин кунларда YouTube ишини секинлаштира бошлашини айтганди. 

Бир неча кундан бери Россия Федерациясининг кўплаб ҳудудлари аҳолиси YouTube видеохостингига кириш имкони йўқлигидан шикоят қилмоқда. Куни кеча Россияда Signal мессенжерини блоклаш бошланган.

Мавзуга оид