Жаҳон | 08:31 / 09.08.2024
2247
3 дақиқада ўқилади

Россияда YouTube’га киришда яна муаммолар кузатиляпти

Россия Федерациясининг кўплаб ҳудудлари аҳолиси YouTube видеохостингига кириш имкони йўқлигидан шикоят қилмоқда. Аввалги йирик узилиш 1 август куни содир бўлган эди.

Фото: AP

Россияда YouTube видеохостинги очилмаяпти. 8 август, пайшанба куни кўплаб вилоятлар аҳолиси портал билан боғлиқ муаммолар ҳақида хабар беришди - у ҳам компютерларда, ҳам мобил қурилмалар орқали очилмаяпти.

YouTube ишидаги носозликлар Россиянинг турли мониторинг хизматлари, хусусан, «Сбой.рф» сайти томонидан тасдиқланган. Унинг маълумотларига кўра, энг кўп шикоятлар Москва (21 фоиз) ва Санкт-Петербург (8 фоиз) аҳолисидан келди. Улар эрталаб соат 8 дан бошлаб ёзила бошланди ва сони ортиб бормоқда. 

Фойдаланувчиларнинг шикоятлари бўйича аввалги энг юқори чўққи 1 августда кузатилган, ўшанда YouTube ишида охирги кенг кўламли узилиш содир бўлганди. Фойдаланувчилар сайтга киришда ҳам, видеоларни кўришда ҳам муаммолар борлиги ҳақида хабар беришди. Downdetector порталидаги маълумотлар ҳам YouTube’га киришда узилишлар борлигини кўрсатди. 

«Ростелеком» ва Дума депутатининг YouTube’даги узилишлар ҳақида огоҳлантириши

Июл ойи ўрталарида «Ростелеком» оператор тармоқ инфратузилмасида фойдаланиладиган Google ускунаси ишлашидаги техник носозликлар туфайли Россиядаги фойдаланувчилар учун YouTube'даги эҳтимолий узилишлар ҳақида огоҳлантирган эди. «Ростелеком» айтиб ўтган Google Global Cache тизими оғир маълумотларни юклашни тезлаштиришга имкон беради. ComNews Research ихтисослашган нашри маълумотларига кўра, 2022 йил бошида Россия Федерациясида фаолият кўрсатаётган 700 та шундай сервердан 2023 йил охирига келиб атиги 450 таси қолган. Бозор иштирокчилари ускунанинг табиий эскириши ҳақида огоҳлантирган.

Россия Давлат думаси депутати Александр Хинштейн 25 июл куни Россия расмийлари яқин кунларда YouTube ишини секинлаштира бошлашини айтди. Парламент аъзосининг сўзларига кўра, август ойи бошига бориб, хизматни иш столи компютерларига юклаб олиш тезлиги 70 фоизга тушади. Бироқ, секинлашув ҳали сайтнинг мобил версиясига таъсир қилмайди, деб ишонтирди Хинштейн. Депутат бу чорани Россия расмийларининг «мажбурий қадами» деб атади. У YouTube'ни Россия қонунчилигини менсимасликда айблади ва сервис вакилларини видеохостинг сиёсатини ўзгартиришга чақирди.

Июл ойи бошида YouTube Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялари 14-пакетига киритилган қўшиқчилар Ярослав Дронов (Шаман) ва Полина Гагаринанинг расмий каналларини блоклаб қўйди. Олег Газманов, Юлия Чичерина, Григорий Лепс ва меҳмонлари Россиянинг Украинага ҳужумини оммавий равишда қўллаб-қувватловчи «Эмпатия Манучи» шоуси муаллифи, актёр Вячеслав Манучаровнинг каналлари ҳам блокланди. 

Мавзуга оид