Мексика ортидан жаҳон чемпионатининг яна бир мезбони турнирдаги илк ўйинини ўтказди. Аммо Канаданинг ўйини у қадар муваффақиятли чиқмади – Торонтода Босния ва Ҳерцеговинага қарши ўйин дуранг ҳисоб билан якунланди. Мезбонлар иккинчи бўлимда амаллаб мағлубиятдан қутулиб қолишди.
Канада – Босния ва Ҳерцеговина 1:1
Голлар: Лукич, 21 (0:1). Ларин, 78 (1:1)
Канада: Крепо, Де Фужерол, Корнелиус, Ларея, Жонстон, Эуштакиу (Осорио, 90+1), Коне, Миллар (Аҳмад, 61), Бюкенен (Шаффелберг, 61), Ж. Дэвид (П. Дэвид, 61), Олувасейи (Ларин, 76)
Босния ва Ҳерцеговина: Васил, Муҳаремович, Катич, Колашинац (Бурнич, 83), Дедич, Таҳирович, Башич (Гигович, 61), Мемич (Шунич, 74), Байрактаревич (Алайбегович, 74), Демирович, Лукич (Баждар, 61)
Огоҳлантиришлар: Жонстон, 12. Де Фужерол, 53 – Демирович, 44. Лукич, 45. Катич, 90
Босния ва Ҳерцеговина таркибида кутилмаганда жамоа етакчиси ва рамзи – 40 ёшли Жеко захира ўриндиғида қолдирилди. Шу тариқа, икки жамоа ҳам ўзининг асосий юлдузларисиз ўйнайдиган бўлди. Канадаликлар сафида «Бавария» ҳимоячиси Дэвис ҳам йўқ эди, у жароҳатидан ҳали бутунлай фориғ бўлмаган.
Ўйин бошлангани ҳақидаги ҳуштак чалиниши билан Канада олдинга ташланди, аммо илк голли вазият Босния ва Ҳерцеговинада юзага келди. Сергей Барбарез шогирдлари стандарт вазият орқали йўлланган илк зарбасини голга айлантириши мумкин эди. Крепо қўриқлаётган дарвоза қаршисида Мемич тўпга барчадан олдин улгурди, аммо унинг зарбаси дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. Умуман олганда, ўйиннинг дастлабки қисми боснияликлар устунлигида ўтди. Жамоа 4-4-2 схемасида ҳаракатланган бўлса-да, тўпни тезкорлик билан олдинги чизиққа етказиб берди ва европаликлар яккакурашларда ҳам яхшироқ ҳаракатланишди. Канадаликлар эса ўйиндаги илк зарбасини фақат 17-дақиқага келиб йўллади, аммо Дэвид 12 метр масофадан туриб тепган тўп дарвозабон Василнинг қўлига бориб тушди.
Боснияликлар стандарт вазиятлардан хавф туғдиришда давом этди ва биринчи бўлим ўрталарида навбатдаги бурчак зарбаси ҳисоб очилишига олиб келди. Тўп аввалига яқин устун олдига етказилди, у ерда турган Колашинац тўпни марказга оширди, Лукич эса тўп учун курашда ҳимоячидан илдамроқ ҳаракатланди ва терма жамоадаги илк голини нишонлади.
Ҳисобда олдинга чиқиб олгач Босния ва Ҳерцеговина жамоаси чуқур ҳимояга ётди. Канада бу деворни бузиб ўтишга қийналди. Мезбонлар биринчи бўлим давомида дарвоза соҳасига тўғри борган атиги битта зарба йўллади, xG бўйича кўрсаткич 0,64 кўринишини олди. Жамоа ўн марта бурчак тўпи ишлади, аммо боснияликлар иккинчи қаватда барча тўпларни ютиб олишди.

















