Жаҳон | 20:22 / 11.08.2024
4901
2 дақиқада ўқилади

Трамп Ҳаррисни сайлов ташаббусини ўғирлаганликда айблади

Ҳар иккала номзод «чойчақа солиғини» бекор қилишга чақирмоқда. Трамп бу ташаббус ўзидан чиққанини таъкидлаяпти.

Фото: AP

Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трамп вице-президент Камала Ҳаррисни ўз сиёсий ташаббусларини, хусусан, хизматлар соҳасидаги чойчақа учун солиқ тўловини бекор қилиш ғоясини ўғирлашда айблади. Бу ҳақда Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.

«Ўзининг «асал ойи» якунига етаётган ва сўровларда жиддий ютқазишни бошлаган Камала Ҳаррис менинг «солиқсиз чойчақа» сиёсатимдан нусха олди. Фарқи шундаки, у буни амалга оширмайди, бу унга фақат сиёсий мақсадларда керак. Бу Трампнинг ғояси эди, унинг ўзига хос ғоялари йўқ, у уларни фақат мендан ўғирлаши мумкин», деб ёзди у.

10 август куни Невада штатининг Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтган митингда Ҳаррис энг кам иш ҳақини ошириш, хизматлар ва меҳмонхона ходимларининг чойчақасига солиқларни бекор қилишга ваъда берди.

Икки ой олдин, 9 июн куни Трамп Лас-Вегасдаги митинг чоғида Невада шаҳрининг кўнгилочар индустрияси ишчиларининг асосий даромад манбаи бўлмиш чойчақа учун солиқларни бекор қилишга ваъда берган эди.

Ўша ойда Трамп Жанубий Филаделфиядаги ресторанга борди ва 500 доллар чойчақа билан «йўқолсин чойчақа солиқлари» деган ёзувни қолдирди.

АҚШ президентлик сайлови 5 ноябр куни бўлиб ўтади. Унда Трамп ва Ҳаррис кураш олиб бориши кутилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид