Германия яқин 5 йил ичида Россия билан урушга тайёргарлик кўриши керак - немис зобити
Географик жойлашуви туфайли Германия, Россия Федерацияси билан зиддият юзага келган тақдирда, НАТО қўшинларини шарққа ўтказиш учун трамплинга айланади. Шундай экан, мамлакатда урушга тайёргарликни бошлаш вақти келди, дейди Германия ҳарбий-денгиз кучлари капитани Михаэл Гисс.
Германия ҳарбий-денгиз кучлари капитани ва «Ҳамбург» Бундесвер минтақавий қўмондонлиги қўмондони Михаэл Гисс Германия ҳукумати ва аҳолисини ташқи таҳдидни тан олишга ва Россиянинг эҳтимолий ҳужуми олдини олиш учун урушга тайёргарлик кўришга чақирди. «Аскар сифатидаги ички соатим ўтиб боряпти ва тушунаманки, беш йилдан кейин жамиятимиз ташқи ҳарбий таҳдидга бардош бера оладиган даражада чидамли бўлиши керак», — деди у 11 август, якшанба куни Welt am Sonntag нашрига берган интервюсида.
Гисснинг сўзларига кўра, географик жойлашуви туфайли Германия Россия Федерацияси билан ҳақиқий можаро юзага келган тақдирда, НАТО қўшинлари шарқий қанотга ўтказиладиган жойга айланади. «Бу сиёсат, Бундесвер, иқтисодиёт ва жамият учун катта умумий вазифадир, у муҳим инфратузилмага тааллуқлидир, айниқса, Германиядаги энг йирик порт НАТО ишини таъминлаш учун фойдаланилиши мумкин», - дейди ҳарбий.
Шу билан бирга, капитан «ҳарбий жазавани қўзғатмасликка» ва фақат оқилона чоралар кўришга чақирди. «Биз тинчликда яшаяпмиз, бизда футбол бўйича чемпионат бор, бизда Олимпия ўйинлари бор, биз Майоркага таътилга борамиз, бунинг ҳаммаси яхши ва шундай бўлиши керак, аммо биз Германия ва Европага таҳдид ҳақида хабардор бўлишимиз керак», - деб таъкидлади Гисс. Унинг қўшимча қилишича, Россия бир неча йиллардан бери НАТОга қарши гибрид уруш босқичи доирасида киберҳужумлар, дезинформация ва диверсияларни амалга ошириб келмоқда. Гисснинг сўзларига кўра, Германия ҳарбий қўмондонлиги бундан хабардор ва ҳужумга учраши мумкин бўлган НАТО мамлакатларига қўшинларни тезда ўтказиш схемасини ўз ичига олган «Германия оператив режаси»ни доимий равишда тузатмоқда.
Писториус: Бундесвер 2029 йилгача мудофаага тайёр бўлиши керак
Июн ойида Германия мудофаа вазири Борис Писториус Бундестагда нутқ сўзлаб, 2029 йилгача Россия ҳужуми содир бўлган тақдирда Бундесверни ўзини ҳимоя қилишга тайёрлаш зарурлиги ҳақида огоҳлантирган эди. «Мудофаамизни эътиборсиз қолдиришга ҳаққимиз йўқ. Путиннинг уруш иқтисодиёти навбатдаги можарога тайёргарлик кўриш учун ишламоқда. 2029 йилга бориб биз ҳимояланишга тайёр бўлишимиз ва энг ёмонининг олдини олиш чораларини кўришимиз керак», - деди Писториус. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун вазир учта асосий муаммони санади: «Техника, шахсий таркиб ва молия».
Хусусан, вазир мудофаа бюджетини кўпайтириш зарурлигини таъкидлаб, умумий чақирувга қисман қайтиш тарзидаги ҳарбий хизматга чақирув ислоҳоти зарурлигини таъкидлади.
Германия мудофааси бўйича операцион режа
2023 йил март ойида Украинадаги уруш фонида Германия «Германия оператив режаси» (OPLAN DEU) - мамлакат хавфсизлигига таҳдид эҳтимоли бўйича бир неча юз саҳифадан иборат стратегик ҳужжатни ишлаб чиқишни бошлади. Аслида, бу совуқ уруш давридан бери Германиянинг ҳарбий ҳужумлардан хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи кенг қамровли режадир.
Июл ойида ушбу режанинг бир қисми сифатида Россия НАТОнинг шарқий қанотига Германия орқали ҳужум қилган тақдирда, уч-олти ой ичида 800 минггача иттифоқ аскари ва 200 мингдан ортиқ турли техникани ўтказиш кераклиги хабар қилинган эди.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
15:10 / 09.11.2024
Россияда картошка ва сариёғ нархи кўтарилишда давом этмоқда
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
13:49 / 09.11.2024