Ўзбекистон | 21:51 / 13.08.2024
4665
6 дақиқада ўқилади

13 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Водийда мажбурий меҳнатга жалб қилинган ўқитувчилар, Термизда очилган Ислом институти ва телевидениедаги рекламалар юзасидан огоҳлантириш — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Мажбурий меҳнатга жалб қилинган ўқитувчилар

Наманган ва Андижон вилоятларида ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинди.

Хусусан, Наманган вилояти Поп туманидаги 43-мактаб директори педагогларни таълим масканига чақириб, муассаса ҳудудини тозалашга, ўт-ўлан, беда ва ажриқларни юлишга мажбур қилган.

Боз устига, мактаб директори М.Марасулова ўқитувчиларнинг вазифасидан ташқари ишларни қилишни истамаганлардан 500 минг сўмдан пул талаб қилган. Қолаверса, уларни ўқувчиларнинг ота-оналаридан пул йиғишга ҳам мажбурлагани таъкидланган.

Директорга нисбатан 17 млн сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланган.

“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунга кўра, ўқитувчиларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш тақиқланади.

Лекин шунга қарамасдан Андижон вилояти Асака туманидаги 37-умумтаълим мактабида аёл педагоглар оғир ишларни бажарган, арава етаклаб, қурилиш чиқиндиларини ташиган. Жараёнда ўқитувчилардан бири йиқилиб, жароҳат олгани ва қўли сингани ҳам айтилмоқда.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати бу ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйганлар топиб жазоланади, дейиш ўрнига ўқитувчиларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган мажбурий меҳнатга жалб қилинганини “ижтимоий фойдали меҳнат” деб атаган.

“Янги ўқув йилига саноқли кунлар қолгани ва энг муҳими, педагогик жамоанинг, ота-оналарнинг ана шундай бунёдкорлик ишларидан мамнунияти дохил ўлароқ, хусусан, мактаб дераза ва эшик ромларининг янги замонавий ромлар билан алмаштирилиши, мактаб том қисмининг тўлиқ янгиланиши билан моддий-техник шароитлар янада яхшиланмоқда.

Ана шу ишлар манзарасида ҳар бир педагог эртага ўз иш жойининг саранжом-саришта бўлишини, эстетик безатилишини, албатта, хоҳлайди.

Ўз хоҳишларига кўра, мактаб ҳаётига, иккинчи уйимизга, қадрдон масканимизга ўз ҳиссамизни қўшайлик деган ниятда амалга оширилаётган фаол ижтимоий фойдали меҳнатни ҳар қандай киши фақат олқишлайди”, — дейилади ҳокимлик мирзасининг изоҳида.

Нақадар шоирона гаплар! Лекин қонун-чи?!

Сурхондарёда Ислом институти очилди

Термизда Ўзбекистондаги иккинчи Ислом институти давлат рўйхатидан ўтказилиб, абитуриентлар қабул қилишни бошлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, таълим муассасасида ўқиш муддати 4 йил бўлиб, бакалавр даражасидаги олий диний маълумотли – ҳадис илмлари, диний фанлар ва араб тили бўйича мутахассислар тайёрланади.

Имом Термизий номидаги Ислом институтига 2024-2025 ўқув йили учун қабул ҳам очилганини билдирди. Ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 2024 йил 14 августдан 20 августга қадар давом этади.

Абитуриентлар араб тили ва Ўзбекистон тарихидан тест синовлари ҳамда ҳадис ва мусталаҳул ҳадисдан ижодий имтиҳон топширишади.

Ўқишни кўчиришга рухсат очилди

Ўқишни кўчириш тестларида қатнашишга 43 минг 882 нафар талабгорга рухсат берилди.

Ўқишни кўчириш бўйича энг кўп ариза республикадаги нодавлат олий таълим ташкилотлари талабаларидан келиб тушган — 33 минг 255 та. Хорижий ОТМларнинг республикадаги филиалларидан эса 657 нафар талаба ўқишини кўчирмоқчи эканини билдирган. Хорижий давлатларнинг ОТМларидан 9 минг 970 нафар талабгор ўқишини кўчириш бўйича ариза жўнатган.

Агентлик ўқишни кўчириш бўйича тест синовларининг ўтказилиш санаси ва талабгорлар учун рухсатномаларни бериш муддатлари ҳақида қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.

4 сентябр — Билимлар куни

Бу йил умумий ўрта таълим муассасаларида янги ўқув йилининг бошланиши 4 сентябр, чоршанба кунига тўғри келади, деб хабар бермоқда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги.

Қайд қилинишича, «2024 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги президент фармонига кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида янги ўқув йили 4 сентябр (чоршанба) кунидан бошланади.

Телевидениедаги рекламалар юзасидан огоҳлантириш

Олимпиада трансляцияси вақтида телевидениедаги рекламалар ҳамманинг асабига теккани бор гап. Шунга алоқаси бор-йўқлиги номаълум-у, лекин Рақобат қўмитаси реклама қонунчилиги юзасидан телеканалларга кўрсатма хати юборди.

Қўмитанинг қайд этишича, бунга охирги вақтларда оммавий ахборот воситалари (хусусан, телеканаллар) орқали рекламаларни тарқатишда (жойлаштиришда) қонунчилик талабларининг бузилиш ҳолатлари сабаб бўлган.

Кўрсатмада телеканаллардан бир ойлик муддатда рекламага оид ўз фаолиятини амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб мувофиқлаштириши ва қайта кўриб чиқиши сўралган.

«Ушбу кўрсатма хати талабаларидан келиб чиқиб, қўмита ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда соҳага оид мониторинг таҳлиллари ўтказади ва ўрганишларда қонунбузилиши аниқланган тақдирда, ушбу ҳолатга йўл қўйган субъектларга нисбатан қатъий таъсирчан чоралар, шу жумладан молиявий санкциялар қўлланишини маълум қиламиз», – дейилади хабарда.

Мавзуга оид