Жаҳон | 21:00 / 13.08.2024
4903
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Россия 2024 йил охирига қадар янги сафарбарлик эълон қилиши мумкин

2022 йил сентябрда Россия президенти Владимир Путин Украинада давом этаётган уруш туфайли қисман сафарбарлик эълон қилган ва ўшанда армияга 300 минг киши чақирилган эди.

Фото: ТАСС

Россия армияси 2022 йил февралида Украинага қарши бошланган кенг кўламли уруш бошидан бери максимумга чиққан жанг майдонидаги йўқотишлар ўрнини қоплашга улгурмаяпти. Бу ҳақда Bloomberg Кремль ва Россия Мудофаа вазирлигига яқин учта манбасига таяниб хабар берди.

Агентлик суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, шартнома бўйича ҳарбий хизматга чақирилганлар учун тўловлар оширилганига қарамай, Россия вилоятлари чақирув квотасининг учдан бир қисмидан ортиғини баража олмаяпти.

Россия уруш боши берк кўчага кириб қолган Украина шарқи ва жанубида юз минглаб аскарига эга, бироқ Украина Куролли кучларининг Курск вилоятига ҳужумини қайтариш ва чегарада назоратни қайта қўлга олишга қодир эмаслиги мудофаа резервларининг етишмаслигини кўрсатиб берди.

Bloomberg’нинг иккита манбасига кўра, юзага келган вазият Россия ҳукуматини янги сафарбарлик эълон қилишга мажбурлаши мумкин. Амалдорлардан бирининг маълум қилишича, Кремль буни жанг майдонининг олд қисмида урушаётган ҳарбийларга дам бериш мақсадида «ротация» сифатида талқин қилиши мумкин. Бошқа бир манба сафарбарлик тўғрисидаги буйруқ 2024 йилнинг охирларида чиқиб қолишини айтмоқда.

2022 йил сентябрда Россия президенти Владимир Путин Украинада олти ойдан ортиқ давом этаётган уруш туфайли қисман сафарбарлик (мобилизация) эълон қилганди. Ўшанда армияга 300 минг киши чақирилган. Октябрь охирларида президент сафарбарлик якунланганини маълум қилди, бироқ тегишли қарорни имзоламади. Шундан буён ҳукумат Россияда янги сафарбарлик эълон қилинмаслигини айтиб келади. Путин охирги маротаба бу ҳақда 2024 йилнинг июнида гапирган эди. Украина Қуролли кучларининг Курскка ҳужуми фонида у Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашни истовчи кўнгиллилар кўпайиб кетганини маълум қилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид