Жаҳон | 23:19 / 13.08.2024
4775
2 дақиқада ўқилади

Минглаб одамлар мегазилзила хавфи туфайли Японияга сафарини бекор қилди

Кўплаб одамлар меҳмонхоналарда банд қилинган хоналардан воз кечган, бу эса энг гавжум мавсумлардан бирида бизнесга катта зарба бергани таъкидланмоқда.

Фото: Reuters

Японияда мисли кўрилмаган мегазилзила таҳдиди юқори деб белгиланган ҳудудларда туризм соҳаси катта зарар кўрмоқда. Бу ҳақда Al Arabiya ёзди.

Қайд қилинишича, минглаб одамлар меҳмонхоналарда банд қилинган хоналардан воз кечган, бу эса энг гавжум мавсумлардан бирида бизнесга катта зарба берган.

Ўтган ҳафта Япония об-ҳаво агентлиги жанубда содир бўлган 7,1 магнитудали зилзиладан сўнг, камида 15 киши жароҳатлангани, шу билан бирга, кучли зилзила эҳтимоли ортгани ҳақида хабар берган эди.

Бу огоҳлантириш ернинг қаттиқ силкиниши яқинлигини англатмайди, лекин ҳозир бундай ҳодиса хавфи юқори, деди расмийлар.

Огоҳлантириш «Нанкай ботиғи» деб аталадиган 800 километрлик денгиз ости ҳудудини қамраб олади. У Токиодан ғарбдаги Сидзуокадан Кюсю ороли жанубигача чўзилган.

Маҳаллий меҳмонхона касаба уюшмаси маълумотларига кўра, энг кўп зарар кўриши кутилаётган минтақалардан бири ғарбий Кочида ўтган ҳафта огоҳлантириш эълон қилинганидан бери камида 9,400 киши банд қилинган меҳмонхоналардан воз кечган. Қайд қилинишича, 9 - 18 август кунларини ўз ичига олган бекор қилишлар 140 миллион иен (948 минг доллар) даромад йўқотилишига олиб келади.

Огоҳлантириш Японияда ҳар йили ўтказиладиган Обон байрамига тўғри келди. Унда кўплаб японияликлар ўз она шаҳарларига бориб, аждодларига ҳурмат бажо кўрсатади. Бу туризм саноати учун гавжум мавсум ҳисобланади.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, агар сейсмик фаолликда аномалиялар аниқланмаса, мегазилзила огоҳлантириши шу ҳафта охирида бекор қилинади.

Мавзуга оид